ЯСАМА ТИШ

ЯСАМА ТИШ, тиш протези — турли сабаблар туфайли тушиб кетган ёки олиб ташланган табиий тишлар ўрнини тўлдириш ҳамда тиш нуқсонларини йўқотиш мақсадида ишлатиладиган махсус ортопедик мослама. Болалар тиши нотўғри жойлашганда ва жағ тишлар жипслашуви бузилганда махсус мослама қўлланилади (ортодонтик даво), бу эса улар юзидаги нуқсонларнинг олдини олиш ва даволаш имконини беради.

Ясама тиш ҳар бир кишининг ўзига, унинг организмига зарар қилмайдиган материаллар: пластмасса, чинни ва металл қотишмалар (олтин, кумуш, платина, махсус пўлат ва ҳ. к.)дан ясалади.

Ясама тишни ўз вақтида қўйиш керак, чунки бир нечта тиш ўрни бўшаб қолса, овқат тўлиқ чайналмайди, бу эса меъда ва ичак фаолиятининг бузилишига сабаб бўлади.

Ясама тиш қўйишқўймасликни стоматолог врач белгилайди. Ясама тишлар доимий ва олинадиган қилиб қўйилади.

Доимий Ясама тиш ларнинг қоплама (коронка), кўприксимон, штифт (мих) ли ва қистирма (вкладка) хиллари бор.

Қистирма Ясама тишлар пластмасса ва чиннидан ясалади: улар, асосан, олдинги тиш коронкаси четнаганда ёки кўп қисми емирилиб кетганда шаклини тиклаш учун қўлланилади (қ. Тиш чириши). Қопламалар зангламайдиган пўлат, олтин, пластмасса ва чиннидан ёки уларни аралаштириб қилинади. Олдинги тиш коронкаси емирилганда, тиш илдизини тўла даволаб, штифтли тиш билан тиклаш мумкин; уни тиш илдизига ўрнатиб қўйилади. Кўприксимон Ясама тиш 1—2 та тиш бўлмаганда қўйилади. Улар таянч тишлар оралиғига қопланади — бу коронкалар пластмасса ёки чиннидан ясалади, ё ҳаммасини металлдан қилиш мумкин. Кўприксимон Ясама тиш шикастланмаган ёки тўлиқ даволанган тишларгагина ўрнатилади. Олинадиган (пластинкали) Ясама тиш милкка ёки қаттиқ танглайга маҳкамлаб қўйиладиган ва сунъий тишлар ўрнатилган пластинка (асос)дан иборат. Кўп тишлар йўқ ва соғлом таянч тишлар бўлмаганда олинадиган Ясама тиш тавсия этилади. У тўлиқмас ва тўлиқ (ҳамма тишлар ўрнини тўлдирадиган) бўлади. Кўп тишлар йўқ ва таянч тишлар соғлом бўлса, ёйсимон (бюгель) Ясама тиш қулай, бунда асос пластинка ўрнида металл ёйдан фойдаланилади. Ҳамма тиш бўлмаганда тўлиқ Ясама тиш қўлланилади: унинг пластинкаси шиллиқ қаватга тиралиб, сўлак билан ҳўлланиб ёпишиб турганлиги сабабли протез оғизда яхши ўрнашади.

Ясама тиш қўйишдан олдин, албатта, оғиз бўшлиғини соғломлаштириш (чириган тишларни даволаш, жуда емирилган тишлар ва тиш тошларини олиб ташлаш), таянч тишлар илдизи атрофидаги тўқималар ҳолатини текшириш шарт. Ясама тиш қўйдиришга муҳтож бўлган кишига мос протез тузилишини стоматолог врач аниқлайди.

Loading...