ЯШАР КАМОЛ

ЯШАР КАМОЛ (тахаллуси; асл номи Камол Содиқ Гўкчали) (1922, Адана шаҳри яқинидаги Хамите Гўкчали қишлоғи) — турк шоири ва ёзувчиси. 20-аср турк адабиётининг йирик намояндаси. Биринчи ҳикоялар тўплами — «Жазирама» (1952). Асарларида демократик тенденция кучли. Бойлик ва қашшоқлик ўртасидаги кураш Я. К. асарларининг асосий йўналишини ташкил этади. «Тоғлар афсонаси» (1973) романтик қиссаси фольклор таъсирида юзага келган. Асарда ўтмишдаги Туркия ҳаёти, одамларнинг бир-бирига муносабати, ахлоқий урф-одатлар маҳорат билан акс эттирилган.

Яшар Камол ижодининг бошланғич даври шеърлар, очерклар ёзиш билан бошланган бўлса ҳам, унга ёзувчи сифатида романлари, айниқса, 3 жилдли «Инжа Мамад» асари (1955, 1969, 1984) шуҳрат келтирган. «Асосий таянч» (1960), «Ер — темир, осмон—мис» (1963), «Сўнмас олов» (1969), «Темирчилар растаси», (1974), «Чакиржалик Эфе», (1972), «Илонни ўлдирсалар» (1976), «Оллоҳнинг синовлари» (1978), «Тепаликдаги анор дарахти» (1982) каби роман ва қиссалар муаллифи.