ЯШАШ УЧУН КУРАШ

ЯШАШ УЧУН КУРАШ — эволюцион таълимотнинг асосий тушунчаларидан бири. Ч. Дарвин Я. у. к. тушунчасидан тур индивидлари ва ҳар хил ташқи омиллар ўртасидаги муносабатларни ифодалаш учун фойдаланган. Яшаш учун кураш организмларнинг ўз ҳаётини сақлаб қолишга ҳамда ўз авлодлари ҳаётини таъминлашга қаратилган жорий фаолияти, яъни организмлар ўртасидаги табиий мусобақадан иборат. Яшаш учун кураш организмларнинг жадал кўпайиши туфайли уларнинг нормал яшаши учун зарур бўлган ресурслар: озиқ-овқат ва сув захираси, жой ва бошқалар етишмаслиги натижасида келиб чиқади. Ч. Дарвин кўрсатишича, энг кам (3—4 йилда 1 марта) туғадиган ҳайвонлардан бўлган филнинг бир жуфти ҳам қулай шароитда кўпайганида 750 йилдан сўнг 19 млн. га етади. Битта треска балиғи бирданига 10 млн. тухум қўяди; мингдевона ўсимлигининг бир тупи 400000 дан ортиқ уруғ беради. Агар уларнинг кўпайишига ҳеч қандай тўсиқ бўлмаганида бирмунча вақтдан сўнг треска ҳамма сув ҳавзаларини ва мингдевона қуруқлик юзасини эгаллаб олган бўларди. Лекин табиатда ҳеч қачон бундай бўлмайди. Чунки тур индивидларининг кўпайиш тезлиги билан улар ҳаёти учун зарур бўлган воситалар миқцори ўртасида номутаносиблик келиб чиқиши оқибатида Яшаш учун кураш бошланиши туфайли индивидларнинг жуда кўп қисми нобуд бўлади.

Ч. Дарвин Яшаш учун курашнинг 3 шаклини: тур ичидаги, турлараро ва организм билан анорганик табиатнинг ноқулай шароитига қарши курашни кўрсатиб берган. Тур ичидаги кураш тур индивидлари ўртасидаги рақобатни акс эттиради. Бир турга, айниқса битта популяцияга мансуб бўлган индивидларнинг яшаш ва кўпайиб насл қолдириш учун бир хил шароит зарур бўлгани сабабли тур ичидаги Яшаш учун кураш жуда мураккаб ва кескин бўлади (мас, эркак ҳайвонларнинг урғочиларини талашиши, йиртқичлар ўлжа талашиши). Эволюция давомида бир тур индивидлари ўртасидаги рақобатни бартараф этувчи турли мосланишлар пайдо бўлган, мас, тўнғизлар, айиқлар, арслонлар, чумолилар ўзлари яшаб, озиқланадиган ҳудудларни бирон белги билан чегаралаб чиқади; айрим ҳайвонлар (балиқлар, кемирувчилар) популяцияси сони ошиб кетганида ўз наслининг бир қисмини еб қўяди ёки эзиб ташлайди (қушлар).

Турлараро кураш ҳар хил турга мансуб индивидлар ўртасидаги муносабатларни акс эттиради ва қуйидаги кўринишда юзага чиқади: а) бир хил муҳитда яшайдиган икки ёки ундан кўпроқ турга мансуб индивидлар ўртасидаги яшаш шароити учун кураш (мас, бегона ўтлар билан экин ўртасида намлик, ёруғлик ёки тупроқцаги озиқ моддалар учун кураш); б) бир турдан иккичисининг бир томонлама фойдаланиши (йиртқич — ўлжа муносабатлари); в) бир турнинг бошқа тур учун қулайлик яратиши (ўсимлик уруғларининг ҳайвонлар юнги орқали тарқалиши); г) ҳар хил турларнинг бир-бирига қулайлик туғдириши (ҳашаротларнинг гулдан нектар йиғиши ва уни чанглатиши).

Организмларнинг муҳитнинг ноқулай шароитига қарши кураши табиатнинг ноқулай омилларига қарши курашидан иборат. Бу кураш ўта қуруқ ёки нам, ўта иссиқ ёки совуқ минтақаларда яққол кўзга ташланади. Эволюция жараёнида организмларда ноқулай шароитда яшашга имкон берадиган бир қанча мосланишлар пайдо бўлади. Мас, нам ва иссиқ тропик икдимда ўсимликлар барглари йириклашади; қуруқ ва иссиқ иқлимда эса сувни тежаб сарфлашга имкон берадиган бир қанча белгилар (баргларнинг кичиклашуви, мум ва тукчалар билан қопланиши, барг оғизчалар сонининг камайиши) пайдо бўлади.

Яшаш учун кураш тур индивидлари анча қисмининг элиминациясига (қ. Элиминация), уларнинг насл қолдиришда танланиб иштирок этишига олиб келади. Ирсий ўзгарувчанлик асосида борадиган Яшаш учун кураш натижасида табиий танланиш содир бўлади. Замонавий тасаввурларга биноан индивидлар сонининг ошиб кетиши Яшаш учун курашни кескинлаштирса ҳам унинг асосий шарти бўлолмайди. Тур ичидаги рақобат ва ўзаро ёрдам бирииккинчисини инкор қиладиган категориялар эмас. Муайян шароитда организмлар ўртасидаги ўзаро ёрдам муносабатлари алоҳида индивидларнинг яшаб қолишига имкон бериши билан бирга турнинг мосланишини ҳам кучайтиради. Бунга тур индивидларининг хавф тўғрисида бирбирини огоҳлантириши ва кучлироқ душмандан кўпчилик бўлиб ўз индивидларини ҳимоя қилишини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Лекин бу муносабатлар тур индивидлари ўртасида пассив рақобатни истисно қилмайди. Организмлар ўртасидаги фарқ яшаш муҳитига мосланиш даражаси ҳамда уларнинг ташқи омиллар ва бошқалар тур индивидлари билан Яшаш учун курашда устунлик қилиш имконияти билан белгиланади.

Ад. Мавлонов О., Биология, Т., 2002; Шмальгаузен И. И., Факторн эволюции, 2 изд., М., 1968; Галл Я . М ., Борьба за сувдествование как фактор эволюции, Л., 1976; Беляев Д. К. идр., Обадая биология, М., 1998.