
ЯСОҚ
ЯСОҚ (мўғулча дзасақ — қонун; жазолаш) — 1) 1206 йил Чингизхон буюк қурултойда улуғ хон этйб сайланганда эълон қилинган қонунлар мажмуаси; ўрта асрлар мўғул ҳуқуқи тўғрисидаги асосий манба (қ. Чингизхон ясоси);
2) Мўғуллар давлатида (13—15-асрлар) мавжуд қонунқоидаларни бузган, уларга итоат қилмаган шахсларга бериладиган жазо. Тарихий обидаларда қайд этилишича, Ясоққа тортилган жиноятчилар аксарият қатл этилган;
3) Олтин Ўрда хонлиги томонидан истило қилинган мамлакатлардан, кейинчалик Москва давлати ва чор Россияси томонидан мазлум халклардан натура билан ундириладиган солиқ. 15 — 18-асрларда Волга бўйи, 17—20-аср бошларида Сибирда овчилик билан шуғулланган рус бўлмаган халқлардан олинган. Ясоқ мўйна, баъзан чорва мол билан тўланган. Ясоқнинг тўланиши тобеликни ифодалаш шаклларидан бири бўлган. Ҳар бир қабила ёки уруғ учун алоҳида Ясоқ белгиланган. Кунгур татарлари ва бошқирдлар учун Ясоқ ер солиғи, Сибирнинг айрим халқлари учун жон солиғи бўлган, якутларда чорва мол сонига қараб тўланган. 18-асрдан Ясоқ пул тўлови билан алмаштирилган (Волга бўйида 1720-й. лардан, Сибирда 1822 йилдан). Ясоқ тўпловчилар (ясоқчилар)нинг мансабларини суиистеъмол қилишлари ҳукуматни Ясоқ мажбуриятини Ясоқ комиссиялари орқали тартибга келтиришга мажбур қилган. Ясоқ оз миқдорда 1917 йилдаги Февраль инқилобига қадар сақланиб қолган.
Ад. Рашид ад-Дин; Сборник летописей, т. 1, книга 2, М. — Л., 1952.
Ҳамидулла Дабабоев.