ЯСОВУЛ

ЯСОВУЛ, йасавул — ўрта асрда туркий ва мўғул хонликларидаги сарой мансаби. Дастлаб, Яса кўрсатмаларига асосланган фармонларни (ҳукмдор фармонларини) ижро этувчи мансабдор шахс. Кейинчалик зиммасига саройда турли хилдаги маъмурий-сиёсий майда топшириқларни бажариш юкланган кичик хизматчи. Манбаларга кўра, Ясовуллар солиқ тўплаш ва олинган ўлжанинг хонга тегишли қисмини ҳисоблаш билан ҳам шуғулланганлар. «Меҳмонномайи Бухоро» асарида айтилишича, 1509 йил Шайбонийхон Арқуқдан Туркистоннинг шарқий туманларига тағор солиғини йиғиш учун Ясовуллар жўнатган. Шунингдек, Шайбонийхон Ҳисорда бўлган чоғда (1505 йил) Ясовуллар тушган ўлжадан хонга тегишли қисмини хон қароргохига келтирганлар, уни хон фармонига кўра Самарқандга жўнатганлар.

Loading...