ЯССИ

ЯССИ, Йасси (асли — Сакси) — 1) Туркистон шаҳрининг эски номи. Бу ҳақда Маҳмуд ибн Вали (17-аср) «Баҳр уласрор» («Сирлар денгизи») асарида қуйидаги маълумотларни келтиради: «Ҳозирги Туркистон — бу Сакси шаҳри, авом халқ уни Ясси деб атайди». Араб географларининг ёзишича, Ясси ўрнида 10-асрда Шавғар шаҳри бўлган. 11 — 12-асрларда Ясси номи тарихий манбаларда учрайди. Амир Темур ва темурийлар даврида қишлоқ (қаръя). 1397 йил Соҳибқирон Я. га келиб шайх Аҳмад Яссавий мозорини тавоф қилган ва унинг мозори устига мақбара солишни буюрган. Мақбара 2 йилда қуриб битказилган (қ. Яссавий мақбараси мажмуаси). Соҳибқирон Хитойга юриш қилганида (1404 йилнояб.) қўшиннинг амирзода Султон Ҳусайн бошчилигидаги сўл қаноти Ясси ва Сабронда қишлаганлар. Дашти Қипчоқ ва Мовароуннаҳр аҳолиси томонидан муқаддас шаҳар сифатида эъзозланиб келинган ва Аҳмад Яссавийга нисбат берилиб Ҳазрат, Туркистон, Туркистон ота каби номлар билан ҳам аталиб келинган. 17-аср охири — 18-асрдан Ясси номи манбаларда учрамайди;

2) Фарғона водийсининг шарқида жойлашган довон ва унинг атрофидаги вилоят — Йасси Дабон, Ясси довон, Ясси вилояти. Низомиддин Шомийнмнт «Зафарнома»сида ёзилишича, Соҳибқирон 1376 йил эрта баҳорда Қамариддинта қарши Мўғулистонга юриш қилганида Ясси вилояти ва довонидан ўтган.

Loading...