ЯУНДЕ

ЯУНДЕКамерун пойтахти (1960 йилдан). Марказий провинциянинг маъмурий маркази. Аҳолиси 800 минг киши (2001). Шаҳар тропик ўрмон орасидаги ясситоғликда, 750 м баландликдаги «етти тепалик»да жойлашган. Иқлими экваториал, янв. нинг ўртача т-раси 22,8°, июлда 20,7°, йиллик ёғин 1600 мм. Мамлакатнинг йирик транспорт йўллари чорраҳаси. Океан орқали келтириладиган юклар шаҳардан мамлакат ичкариси, Марказий Африка Республикаси ва Чадга ташилади. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Озиқ-овқат (какао мойи ишлаб чиқариш, пиво пишириш, тамаки ф-каси ва бошқалар) ва ёғочсозлик корхоналари мавжуд.

Шаҳарга 1888 йилда немисларнинг ҳарбий пости сифатида асос солинган. 1919 йилдан Франциянинг Шарқий Камерун мулкининг, 1946 — 60 йилларда Франция бошқаруви остидаги БМТ васийлигидаги ҳудуднинг маъмурий маркази. Шаҳар замонавий режа асосида қурилган. Яундеда ҳукумат муассасалари, банклар жойлашган. Унт, илмий текшириш институтлари, кутубхона ва музейлар бор.

Loading...