ЯВА

ЯВА — Малай архипелагининг Катта Зонд о. лари гуруҳидаги орол, Индонезия таркибида. Майд. 126,5 минг км2. Ер юзида аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан бири. Уз. 1000 км дан зиёд, қирғоқлари кам парчаланган. Рельефи, асосан, вулкан натижасида ҳосил бўлган тоғликлардан иборат, энг баланд жойи 3676 м (Семеру вулкани). 100 дан ортиқ вулкан бор, улардан 30 таси ҳаракатдаги вулканлар. Тезтез кучли зилзила бўлиб туради. Шим. сертепали аллювиал текислик. Иқлими субэкваториал, муссонли иқлим. Йиллик ёғин текисликларда 1000—1500 мм, тоғларда 5000 мм дан зиёд. Дарёлари серсув. Доим яшил ва барг тўкувчи тропик ўрмонлар, тоғ чўққиларида бутазор ва яйловлар бор. Я. нинг шарқий қисмида саванна типидаги ўсимликлар ўсади. Бир нечта миллий боғлар ташкил этилган. Текисликларда маккажўхори, шоли, қанд лавлаги экилади. Кокос палмаси, каучуксимонлар плантациялари бор. Нефть қазиб олинади. Асосий шаҳарлари: Жакарта, Бандунг, Сурабая.

Loading...