ЯЙЛОВ

ЯЙЛОВ — чорва моллари эркин (ҳайдаб) боқиладиган ўтзор. Табиий ва экма ўтзорлар мавжуд. Табиий Яйловда, асосан, кўп йиллик ўтлар ва чала буталар ўсади, маданий Яйловга эса бир ва кўп йиллик дуккакли, бошоқли ўтлар уруғи аралаштириб экилади (қ. Маданий яйлов, Табиий яйлов).

Яйлов чорва моллари учун энг арзон ва қимматли кўк озуқа манбаи. Моллар Яйловда боқилганда боғлаб (оғилда) парвариш қилинганига қараганда маҳсулдорлиги 25—40% ортади, маҳсулотининг сифати яхшиланади.

Географик зоналлик ва вертикал зоналлик қонуниятларига қўра, шим. дан жанубга томон ва текисликдан тоғларга кўтарилган сари ўт қоплами тури ва табиийиқлим шароитлари ҳам ўзгариб боради. Шу сабабли Яйловлар қуйидагича тавсифланади: тундра; ўрмон; ўрмондашт; дашт; чала чўл; чўл; тоғ зоналари (субальп — денгиз сатҳидан 1800—2800 м баландликда ва альп — денгиз сатҳидан 2800—3400 м баландликда) Яйлов лари.

Ўзбекистонда қорамол, қўйэчки подалари, от уюрлари адир ва тоғли зоналарда мавсумий — эрта баҳордан кеч кузга қадар, туя, қоракўл қўйлари чўл зоналарида йил бўйи Яйлов ларда боқилади. Маданий Яйловлар яратишда Қорақум, Қизилқум чўлларида қора саксовул, изен, қандим, қўнғирбош, чогон, камфоросма каби чўляйлов экинлари экилади. Табиий Яйловлар ҳосилдорлигини ошириш учун улардан тўғри фойдаланиш ва Яйловлар ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Бунинг учун ҳар йили моллар боқиладиган Яйловлар алмаштирилади; ўт ҳам навбат билан ўрилади; ўтзорлар ўғитланади; зарарли ва заҳарли ўтларга қарши курашилади.

Ўзбекистонда жами пичанзорлар майд. 112 минг га, Яйловлар майд. 22,15 млн. га бўлиб, унинг асосий қисми чўл ва тоғли ҳудудларда жойлашган, шундан 19,4 млн. га Яйлов сув билан таъминланган (2001).

Loading...