ЯЙЛОВ ЙЎЛИ

«ЯЙЛОВ ЙЎЛИ», «Олтин йўли» — Хитойдан Монголия, Олтой ва Қозоғистон яйловлари орқали ўтиб Жанубий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатларига борадиган қадимий савдо йўлининг номи. Кейинги пайтларда ушбу йўл ҳам Буюк ипак йўли деб аталмоқда. Йўлнинг «олтин йўли» деб аталиши унинг қадим замондаги Олтин тоғ, яъни Олтой тоғ этакларида жойлашган яйловлардан ўтганлиги билан боғлиқдир. Ҳун империяси, Турк хоқонлиги, Уйғур хоқонлиги ва Мўғул империяси даврида сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан ушбу йўлнинг мавқеи баланд бўлган. Қадим замондан Хитойга сотиладиган отлар ва бошқалар ҳайвонларни ҳайдаб боришда ушбу йўлдан фойдаланилган.

Хитой, Ўзбекистон, Эрон, Туркия каби мамлакатларнинг шим. да бепоён далалар ва яйловлар жойлашган. Археологик маълумотлар, қоя тошларга солинган суратлар ва ёзма манбалар ҳам ушбу далаларда бундан бир неча минг йиллар муқаддам чорвачилик билан шуғулланадиган халқлар яшаганлигини тўла тасдиқлайди. Мўғулистон, Олтой, Шим. Қозоғистон каби жойларда очилган қабрлар ичидан топилган ипак мато бўлаклари, мис ва жездан ясалган кўзгу, темир асбоблар ушбу минтақаларнинг Хитой ва ғарб мамлакатлар билан алоқада бўлганлигидан далолат беради.

Хитой адабиётида ушбу йўл «Цаоюан лу» («Яйлов йўли»), «Цаоюан сичоу чжилу» («Яйловлараро ўтган ипак йўли») деб аталади. Олимларнинг фикрича, милоддан олдинги бир неча аср давомида Европа мамлакатларида пайдо бўлиб қолган Хитойнинг ипак матолари маълум миқдорда «Яйлов йўли» орқали борган.

«Яйлов йўли»да ҳаракат қилган халқлар чорва билан бирга ҳунармандчилик, жундан мато, гилам тўқиш, аравалар ясаш, темирчилик ва металлдан қуроляроқ, турли буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Ўз маҳсулотларини ўтроқ халқлар ишлаб чиқарган маҳсулотларга алмашган.

Шу боис мазкур йўлни ҳам «ипак йўли» деб атаса хато бўлмайди. Аммо яйловлараро ўтган йўлни Буюк ипак йўлининг асосий магистрал йўналиши деб айтиш қийин. Бинобарин, қадимий Хитой манбаларида Ғарб билан Шарқни боғлаб турган асосий савдо йўли қадимий Хитойдан, яъни Хуанхэ дарёсининг ўрта ва қуйи қирғоқларидаги шаҳарлардан Хэси йўлаги, Такламакон чўли атрофидаги шаҳарлар, Помир, ҳоз. Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Туркия орқали Европага борадиган йўллардан иборатлиги баён этилган.

Абдулаҳад Хўжаев.

Loading...