ЯЗД

ЯЗД — Эроннинг марказий қисмидаги шаҳар. Язд остонининг маъмурий маркази. Аҳолиси 327 минг киши (1997). Транспорт йўллари чорраҳаси. Тўқимачилик, озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Қадимдан гилам ва шойи тўқилади. Ҳунармандчиликда турли буюмлар тайёрланади. Шаҳар яқинидан полиметалл рудалар қазиб олинади.

Язд Сосонийлар даври (3—4-асрлар)да қалъа сифатида вужудга келган. 14-аср бошларида Музаффарийлар давлати пойтахти. Ўрта асрларда карвон йўлидаги муҳим савдо шаҳри бўлган. Ўша даврда шаҳар ўзининг шойи, кимхоб, бахмал газламалари ҳамда миниатюра мактаби ва бадиий керамика буюмлари билан машҳур эди. 16-асрда Сафавийлар давлати таркибига кирди. Яздда тарихчи Шарафуддин Али Яздий (15-аср), шоир Муҳаммад Фарроҳ Яздий (1889—1939) яшаб ижод этганлар. Меъморий ёдгорликлардан Имом мақбараси (1037), қалъа (1137) ва Амир Чақмоқ масжиди (1299— 1300) сақланган.

Loading...