ЯЗҒУЛОМ ТИЗМАСИ

ЯЗҒУЛОМ ТИЗМАСИ — Ғарбий Помир (Тожикистон) даги тоғ тизмаси (Тожикистон). Язғулом ва Бартанг дарёлари оралиғида. Жанубий ғарбдан шим. шарққа 170 км га чўзилган. Ўртача бал. 4500—6000 м, энг баланд жойи 6974 м. Тизмада Вудар, Лапизар, Арганах, Убаги ва бошқалар чўққилар бор. Бир қанча довонлар (Одуди, Рошт—Жиркутан, Биджиров) мавжуд. Сувайирғич қисми қояли, абадий қор ва музликлар билан қопланган. Помирдаги Федченко, ГруммГржимайло, Язғулом каби энг йирик музликлар Язғулом тизмасининг баланд қисмидан бошланади. Тизманинг ён бағирлари тик, қояли, Язғулом дарёсининг чап ирмоқлари, Бартанг дарёсининг ўнг ирмоқлари билан чуқур кесилган. Язғулом тизмасининг Язғулом ва Бартанг дарёлари ўзанларидан сувайирғич қисмигача бал. 3000—4000 м. Палеозой ва мезозой даврларининг кварцит, гилли сланец, қумтош, гранит, гранодиорит, гил ва бошқалар тоғ жинсларидан ташкил топган. Язғулом тизмасида 100 дан ортиқ музлик бўлиб, уларнинг умумий майд. 670 км2 дан зиёд. Тизмада сийрак ўтли баландтоғ, чала чўл, дашт ўсимликлари тарқалган. Ён бағирларида арча, дарё қайирларида тол, терак, қайин дарахтлари ўсади. Язғулом тизмасининг баланд қисмлари субальп, альп ўтлоқлари, доимий қор ва музликлар минтақасидан иборат. Дарё водийларидан қуйи қисмларида тутзор, ўрикзор, ёнғоқзор, токзорлар бор.

Loading...