ЕЧИМ

ЕЧИМ — бадиий асар каҳрамонлари ўртасидаги қарама-қаршиликнинг ҳал этилиши. Ечим бадиий асарнинг муқаддимасида ҳам, ўртасида ҳам, хотимасида ҳам келиши мумкин. Лекин хотима ёки муқаддимадан кескин фарқ қилади, яъни асар воқеаларининг таркибий қисмини ташкил этади — асосий воқеалар билан бевосита боғлиқ бўлади. Бундан ташқари, асарнинг «тугуни», албатта, муайян Ечимни талаб қилади. Ечим воқеаларнинг энг юқори нуқтасидан сўнг бошланади. Mac, «Ўтган кунлар» (Абдулла Қодирий) романида Кумушбибининг ўлими — асар ечимидир. Отабекнинг ўлими эса романнинг хотимаси, холос. Чунки, Отабекнинг ўлими асардаги асосий воқеаларга узвий боғлиқ бўлмай, ўқувчига шунчаки ахборот бериш учун хизмат қилади. Детектив йўналишидаги асарларда Ечим ҳатто муқаддима ўрнида келиши мумкин (мас, Ўлмас Умарбековнинг «Ёз ёмғири» асари). Ечим баъзан асарда бевосита акс эттирилмасдан, китобхон ҳукмига ҳавола этилади. Ечим муаллифнинг бадиий мақсадини рўёбга чиқарадиган самарали воситалардан бири ҳисобланади.

Loading...