ЕКАТЕРИНА II

ЕКАТЕРИНА II Алексеевна (1729.21.4 — 1796.6.11) — Россия императори (1762—96). Немис князлари авлодидан, асли исми София Фредерика Августа Ангальт-Цербстская. 1744 й. да Россия императори Елизавета Петровна паноҳига келгач, православ динига ўтган ва Екатерина Алексеевна номини қабул қилган. 1745 й. да Пётр III га никоҳланган. Екатерина II гвардиячи офицерлар ёрдамида сарой тўнтариши ясаган (1762 й. 28 июнь). Пётр III ни қамоққа олдириб, 5 июлда ўлдиртирган ва узи тахтга ўтирган. Унинг ички ва ташки сиёсати дворянлар манфаатини ҳимоя қилишга, крепостнойлик ва мустабид ҳокимиятни кучайтиришга қаратилган 1775 й. ги губерня ислоҳоти, 1785 й. да дворянларга берилган имтиёзлар ва б. тадбирлар дворянлар ҳукмронлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Екатерина II даврида Пугачёв қўзғолони (1773—75) бўлган; рус-турк уруши (1768—74, 1787—91) натижасида Россия Қора денгизда узил-кесил мустаҳкамланиб олган; Шим. Қора денгиз бўйи, Қрим, Кубань чўллари қўшиб олинган. Шарқий Грузия Россия тобелигига қабул қилинган (1783). Украина ва Белоруссиянинг бир қисми Россияга қўшиб олинган. Вольтер ва б. француз маърифатпарварлари билан хат ёзишган. Кўпгина драматик, публицистик, илмийоммабоп мақолалар муаллифи.

Loading...