ЕКАТЕРИНБУРГ

ЕКАТЕРИНБУРГ (1924-91 й. ларда Свердловск) — РФ Свердловск вилоятидаги шаҳар. Муҳим саноат, маданий ва илмий марказ. Исеть дарёси (Тоболь ирмоғи)нинг ҳар икки соҳилида. Транспорт йўллари тугуни. Аҳолиси 1272 минг киши (1997). Оғир машинасозликнинг йирик маркази («Уралмаш», «Уралхиммаш», «Урал электротяжмаш», «Турбомотор заводи» ва бошқа и. ч. бирлашмалари, бурғилаш ва металлургия саноати учун жиҳозлар, транспорт машинасозлиги, подшипник з-длари ишлаб турибди). Приборсозлик, электротехника (кабель, трансформаторлар ва б.) саноати корхоналари, аниқ механика, оптика, холодильник з-длари бор. Кора металлургия (Верх-Исеть металлургия з-ди), кимё (шина, пластмасса ва б.), кимё-фармацевтика, енгил, озиқ-овқат саноати корхоналари, аэропорт бор. Тош кесиш ривожланган («Уральские самоцвети» з-ди). Метрополитен қурилмоқда (1991 й. дан). Россия ФАнинг Урал бўлими, 14 олий ўқув юрти (шу жумладан Урал ун-ти), 5 театр, ўлкашунослик, Урал ёзувчилари, тиббиёт тарихи музейлари, суратлар галереяси, П. П. Бажов, Д. Н. Мамин-Сибиряк, Ф. М. Решетников ва б. нинг уймузейлари мавжуд. Екатеринбургга 1723 й. металлургия з-ди қурилиши му-носабати билан асос солинган. 1918 й. июлда Екатеринбургда собиқ император Николай II оиласи билан бирга большевиклар томонидан отиб ташланган.

Классицизм услубидаги тарихий ёдгорликдан Расторгуев-Харитонов қўрғони (19-а. боши), кон канцелярияси (18—19-а. лар), Верх-Исеть з-дининг идораси ва госпитали (19-а), Александр Невский собори (19-а. нинг 1-ярми) сақланган.

Loading...