ЕЛБЎҒОЗ, тухум истисқоси (Mola hydatidosa) — трофобластик касаллик; хавфсиз ўсма деб ҳам юритилади, чунки баъзан айрим беморларда Елбўғоз метастази кузатилади. Елбўғоз ўсиши ҳомила тухумининг илк муддатларида содир бўлиб, бунда хорион ворсинкалари узум шингилига ўхшаш пуфакчалар тўпламига айланади. Ҳомила тухуми бутунлай Елбўғоз пуфакчаларига айланиши ёки айрим ҳолларда эмбрион сақланиб, плацента Е. га айланиши кузатилади. Баъзан Елбўғоз пуфакчалари бачадоннинг мускул (миометрий) каватига ҳам ўсиб киради ва бачадон деворининг сиртига, шунингдек, атрофидаги тўқималарга ҳам ўтиши (деструкцион Елбўғоз) мумкин. Елбўғоз дастлаб худди ҳомиладорликдай кечсада, тезда кон кета бошлаб, узлуксиз давом этади. Бачадон ҳомиладорликнинг тегишли ойидагига нисбатан каттароқ бўлади; она организми билан ҳомила орасидаги моддалар алмашинуви издан чиқади, кўпинча ҳомила нобуд бўлади. Ультратовуш (УЗИ) аппарати Елбўғозни осон аниқлаш имконини беради. Елбўғозни ўз вақтида аниқлаб олдини олиш зарур, акс ҳрлда қон кетиши, инфекция ривожланиши, хавфли ўсма (хорионэпителиома)га айланиб кетиши мумкин. Даволаш: бачадонни қириб тозалаб Елбўғоз олиб ташланади ва аёл маълум муддатгача тиббий текширувдан ўтиб туради. Елбўғоз бўлган аёлга бир йилгача такрор ҳомиладор бўлишига рухсат этилмайди.