ЕЛИМ РАССОМЛИГИ

ЕЛИМ РАССОМЛИГИ — рангтасвирда асар яратиш усулларидан бири. Бўёқ (пигмент)нинг боғловчи моддаси ҳайвон суякларини қайнатиб олинадиган елимдан иборат бўлгани учун шундай номланади. Айрим ҳолларда ўсимлик елими, синтетик елимлар ҳам ишлатилади. Кўпинча асар бўр асос устида яратилади. Қадимдан маълум бўлган Елим рассомлиги тасвирнинг ёрқинлигини таъминлайди, лекин ташқи таъсирга чидамсиз, тез ювилиб кетади, асоси қалинроқ (дағалроқ) бўлганда қасноқланиб тушади. Шунинг учун хона ичларини безашда — деворий рассомликда ишлатилади. Ҳозир асосан кино ва театр декорациялари, байрам намоёнлари, муваққат плакатлар яратишда қўлланилади.

Loading...