ЕЛКА ОЁҚЛИЛАР

ЕЛКА ОЁҚЛИЛАР (Brachiopoda) – умуртқасиз ҳайвонлар типи, денгизларда ўтроқ ҳаёт кечиради. Танаси пушти ранг икки паллали оҳак чиғаноқ билан қопланган. Чиғаноғининг уз. 10 см гача. Чиғаноқ паллалари махсус ўсиклар ёки фақат мускуллар ёрдамида туташган. Танаси чиғаноқ бўшлиғининг кейинги қисмида жойлашган, чиғаноқнинг олдинги кенгайган қисмида тери ўсимталари, яъни киприклар билан қопланган «қўллар» бор. Киприклар ҳаракати туфайли мантия бўшлиғига сув кириб туради. Оғиз бўшлиғи «қўллар»нинг асосида жойлашган. Айрим Елка оёқлиларда кўричак мавжуд. Тана бўшлиғи иккиламчи, юраги, қон томирлари, ҳалқум олди нерв ҳалқаси ва нерв толалари бор. Айрим жинсли, личинкаси трохофора. Болтиқ, Қора ва Каспий денгизларидан ташқари ҳамма денгизларда яшайди. Елка оёқлилар — қадимги ҳайвонлар, кембрий давридан маълум. 280 дан ортиқ тури тарқалган. Елка оёқлилар палеозойнинг стратиграфиясида муҳим аҳамиятга эга.

Loading...