ЕМ

ЕМ — 1) молларга бериладиган тўйимли озуқа. Чорвачиликда сули, арпа, маккажўхори, оқ жўхори, буғдой, қора буғдой, соя, вика, нўхат донлари ва б. Е. ўрнида ишлатилади. Ем бўладиган донлар таркибида 75% гача углеводлар, 12% протеин, 2—5% ёғ, 1—4% минерал моддалар ҳамда В гуруҳига мансуб витаминлар мавжуд. 100 кг Емда 38—133 озуқа бирлиги, 6,7—14,2 кг ҳазм бўлувчи протеин бор. Барча ҳайвонлар ва паррандаларга Ем аралаш ем ва ем аралашмаси кўринишида берилади. Емнинг тўйимлилигини ошириш мақсадида кепак, кунжара, пиво, спирт, шакар заводлари чиқити, балиқ уни, гўшт уни, гўшт-суяк уни, қон уни ва б. Е. га аралаштирилади ёки бошқа турдаги озуқаларга Ем аралаштириб терт қилинади. Ем енгил ҳазм бўлиши учун майдаланади, туйилади, тегирмонда ун қилиб тортилади, ачитилади ва ҳ. к. Моғорлаган, қўланса ҳидли, қора ёки қўнғир тусдаги, ранги айниган, заҳарли моддалари бўлган дон ва дон маҳсулотларини Ем ўрнида ишлатиб бўлмайди (яна қ. Аралаш ем, Емхашак);

2) от оёқларида ҳосил бўладиган чиқиқ, шиш касаллиги («ем тушиши»).

Loading...