ЕМ-ХАШАК БАЛАНСИ

ЕМ-ХАШАК БАЛАНСИ — хўжаликдаги мавжуд ем-хашак миқдорини унга бўлган эҳтиёж билан қиёслаш. Одатда, у чорва молларининг белгиланган даврда ем-хашак билан қанчалик таъминланганлигини аниқлаш, агар камчил бўлса, уни тайёрлаш тадбирларини кўриш мақсадида келгуси йил учун, шунингдек, истиқбол режага асосан бир неча йилга мўлжаллаб тузилади. Ем-хашакка бўлган эҳтиёж чорва молларининг микдорини ва ёшини ҳисобга олган ҳолда, уларни тўғри боқишдаги илмий кўрсатмаларга асосан белгиланади. Мавжуд ем-хашак молхонада боқиш даврида сақлашга қўйилган ем-хашак миқдорига ва ем-хашак экинлари ҳамда яйловлар майдонига, улардан олинадиган ҳосилнинг салмоғига қараб аниқланади. Кейин турли хил ем-хашак миқдори алоҳида ҳисобланиб, унинг қанча озуқа биряигита тенглиги ва таркибидаги ҳазм бўладиган оқсил миқдори аниқланади. Е.-х. б. нинг кирим ва чиқим қисмлари бор, кирим қисмида йил бошидан қолган озуқалар қолдиқлари, хўжаликда ишлаб чиқарилган озуқалар, молларни озиқлантиришга яроқли чиқиндилар ва бошқа хўжаликлардан олинадиган озуқалар (ошхона ва саноат чиқиндилари); чиқим қисмида чорва молларининг режалаштирилган даврдаги ем-хашакка бўлган эҳтиёжи ва бошқа хўжаликларга сотиш мўлжалланган ем-хашак миқдори, озуқанинг эҳтиёж фоизи кўрсатилади. Мавжуд ем-хашак миқдори ем-хашакка бўлган эҳтиёжга тенг келиши керак. Е.-х. б. ёзги ва кишки даврларга алохида тузилади. Бу даврларнинг давомийлиги хўжалик жойлашган ҳудуднинг табиий шарт-шароитлари билан белгиланади.

Е.-х. б. моллар турлари ва уларнинг сут маҳсулотларига, тирик вазни, ёшига қараб алоҳида гуруҳлар бўйича (Мас, сигирлар, ғунажинлар, буқалар, 1 ёшгача бўлган бузоқлар, бўрдоқига боқилаётган сўқимлар) мол боши сонини даврлар бўйича кунларга кўпайтирилиб, озуқакун миқдори, сўнгра озуқа турларига кўра суткалик рационини озуқа-кун миқдорига кўпайтириб умумий озуқа миқдори топилади. Е.-х. б. озуқаларнинг табиий ҳолати, озуқа бирлиги, ҳазм бўлувчи протеин бўйича ҳам тузилади. Е.-х. б. келаси йиллар учун озуқа базасини мустаҳкамлаш ва уни ривожлантириш режаси ҳамдир.

Кауденбай Карибаев.

Loading...