ЕМ-ХАШАК

ЕМ-ХАШАК — қ. х. ҳайвонларини боқишда ишлатиладиган, таркибида ўзлаштириладиган (ҳазм бўладиган) озуқа моддалари бўлган, асосан, ўсимлик, ҳайвонот, микробиологик ва кимёвий маҳсулотлардан иборат озуқалар.

Олинадиган манбаи, и. ч. технологияси, тайёрлаш ва қўллаш усули, ҳайвонларнинг озиқланишидаги аҳамиятига қараб Е.-х. бир неча гуруҳларга бўлинади. Е.-х., одатда, кўкат, хашак, ем, минерал ва ширали озуқаларга бўлинади.

Яйловлардаги табиий ҳамда экилган ўтлар кўкат озуқага киради. Кўкатнинг қуруқ моддаси таркибида протеин (6,5—20%), азотсиз экстрактив моддалар (35—45%), ёғ, минерал моддалар, клетчатка ва қуритилмаганда кўп микдорда каротин, витамин А, С, Е бўлади. Силос, илдизмевалар, хашаки полиз экинлари маҳсулотлари ширали озуқага киради. Булар таркибида 75—90% ҳужайра шираси, турли витаминлар бор. Мол боқишда қанд лавлаги саноати, спирт ва пивочилик корхоналари чиқиндиларидан ҳам ширали озуқа сифатида фойдаланилади. Қуруқ беда, пичан, сомон, похол, ғалла чориси, шох-шаббадан тайёрланган озуқалар, чигит шулхаси ва б. хашак (дағал хашак) озуқага киради. Булар таркибида 25—40% клетчатка бўлади. Пичан, айниқса, дуккак-лилардан тайёрланганда, оқсил, минерал моддалар ва витаминларга бой. Хашак ҳайвонларни озиқлантиришда тўйимли моддалар манбаи бўлиб, ов-қат ҳазм қилиш системаси ишини нор-маллаштиради. 1 кг беда пичанида 0,5 — 0,52 озуқа бирлиги, 120 г ҳазм бўлувчи протеин, 30—50 мг/кг каротин бор.

Арпа, сули, маккажўхори, оқ жўхори, нўхат, тегирмон чиқиндилари (кепак, ун гарди ва б.), ёғ-мой саноати чиқиндилари (кунжара, шрот — кукун кунжара ва б.) емта киради. Булар оқсил, углевод ва б. турли моддаларга бой бўлиб, тўйимлилиги жиҳатдан бошқа озуқалардан устун туради. Ош тузи, бўр, суяк уни, фторсизлантирилган преципитат, синтетик азотли бирикмалар (аминокислоталар, карбамид, аммоний тузлари, витаминли ва ферментли препаратлар, озуқа антибиотиклари, дори-дармон моддалари ва б. лар) минерал озуқага киради. Йирик шаҳарлар атрофидаги хўжаликларда мол боқишда ошхона ва б. овқатланиш корхоналаридан чиқадиган озиқ-овқат қолдиқларидан ҳам озуқа сифатида фойдаланилади (яна қ. Озуқалар).

Кауденбай Карибаев, Курбонхўжа Ғуломқодиров.