ЕНОТСИМОН ИТ

ЕНОТСИМОН ИТ (Nyctereutes procyonoides) — йиртқич сут эмизувчилар туркумининг итсимонлар оиласига мансуб ҳайвон. Танасининг уз. 65 — 80 см, думи 15—25 см, оғирлиги 4 — 10 кг, оёклари қисқа, бўйи паст. Бошининг икки томонидаги жунлар «чакка соқол» ҳосил қилади. Мўйнаси сарғиш, тўқ кулранг ёки кўпинча қора. Россия, Япония, Хитой ва Кореяда тарқалган. Ўрта Осиё, Белоруссия, Украина, Кавказ ва Олтойда иқлимлаштирилган. Ўзбекистонда дарё ва кўллар бўйидаги қамишзорларда, бутазорлар ва тўқайларда учраб қолади. Ерни ковлаб уя ясайди. Кўпинча бўрсиқ ёки тулкининг ташлаб кетган уяларидан ва табиий бошпаналардан фойдаланади. 5—6 таси тўпланиб, қишни карахт ҳолда ўтказади. Майда жониворлар ва ўсимликлар билан озиқланади. Мартда урчийди. Ҳомиладорлик даври 64 кун, 6—8 тагача бола туғади. Баҳорда туллайди. Мўйнаси учун овланади.

Loading...