ЕР ҲАЙДАШ

ЕР ҲАЙДАШ, шудгор қилиш, шудгорлаш — ерни ишлашнинг асосий усули; ерни экишга тайёрлаш мақсадида ағдаргичли плуглар билан тупроқнинг сув, озиқ, ҳаво ҳамда иссиқлик режимларини яхшилаш. Тупроқ механик, физик-кимёвий, метеорологик ва биологик (атмосфера ёгинлари, микроорганизмлар ва б.) омиллар ва агротехника шароити таъсирида ўзгариб туради. Ҳайдашда ернинг устки қисми остига ва пастки қатлам эса юқорига ағдарилади, бунда тупроқ аралашади, бегона ўт уруғлари, зараркунанда ҳашаротлар, ўғит, анғиз қолдиқлари ва б. тупроққа чуқур кўмилиб, ер унумдорлиги ортади. Ер ҳайдалгач, ҳайдалма қатламнинг пастки қисми ер бетига чиқарилганда қисқа муддат ичида аэрация, қайта намланиш ва фойдали тупроқ флорасининг тез фаоллашуви таъсирида ўсимлик ўзлаштириши мумкин бўлган озиқ моддалар миқдори кўпаяди. Тубига ағдарилган устки қатлам эса узоқ вақт ўзида ижобий хусусиятларни саклаб қолади.

Ер ҳайдаш турлари. Тупроқ қатламини ағдариш — ҳайдалма қатламни ағдаргичли пулгда 180° ағдариб ҳайдаш. Бунда ҳайдалма қатламнинг усти пастга, ости эса юзага чиқади; Биринчи ҳайдов — тупроқ ярим винтсимон ағдаргичли плугда 135° га ағдарилади, қатламлар ернинг устки қисмига нисбатан 45° бурчак билан жойлашиб, бир-бирига зич тиралади. Бундай ҳайдашда кўп йиллик бегона ўтлар батамом йўқолмайди. Бунда ер бир неча марта дискаланади ва бороналанади; шунинг учун қадимдан ҳайдаладиган ерларда қўлланилмайди. Маданий ҳайдаш — чимқирқарли плугда ҳайдаш. Чимқирқар тупроқнинг юза қаватини (8 — 12 см) қирқиб, остига ташлайди, асосий корпус эса ундан кейинги тупроқнинг заранг каватини (22—30 см) қирқиб, юза қават устига ағдаради. Натижада юза қатламдаги бегона ўтлар, ўсимлик қолдиқлари, зараркунандалар, сепилган органик ва минерал ўғитлар яхши кўмилади. Бундай Ер ҳайдаш агротехникавий талабларга тўла жавоб беради ҳамда тупроқни маданийлаштиришга, ҳосилдорликни оширишга ёрдам беради. Қўш ярусли плугда ҳайдаш — маданий ҳайдашнинг янги, илғор усулларидан бири. Оддий ҳайдашга қараганда бегона ўт босишини 2—3 марта камайтиради. Қўш ярусли ҳайдашда бедапоялар қатлама-қатлам ҳайдалади, натижада келаси йили қайта кўкламайди, илдиз қолдиқлари тупроқ горизонтлари бўйича бир хилда тақсимланиб, унумдорликнинг ошиши учун қулай шароит яратилади.

Ер ҳайдаш чуқурлиги тупроқ ва иклим зоналари, шунингдек, алмашлаб экиш далаларига қараб табақалаштирилади. Ер ҳайдаш чуқурлиги ҳайдалма қатламнинг қалинлиги, экиннинг биологик хусусиятлари, ўтмишдош экин қандай ишланганлиги, далани қанчалик ўт босганлигига қараб белгиланади. Ерни 20 см чуқурликда ҳайдаш нормал, ундан ошиғи чуқур, камроғи саёз ҳайдашга киради. Ер қамиша бир хил чуқурликда ҳайдалса, ҳайдалма қатлам тубида заранг қатлам (плуг товони) ҳосил бўлиб, ўсимлик учун ноқулай шароит туғилади. Шунга кўра, алмашлаб экиладиган ҳар қайси далани вақт-вақти билан турли чуқурлиқда ҳайдаш маъқул.

Ҳайдалма қатлами қалин, эскидан ишланиб келинган ерлар 28—30 см, ҳайдалма қатлами юпқа, шағал ва қум юза ерлар саёз ҳайдалади. Ҳайдалма қатлами 20—22 см дан кам ерлар ҳар йили 2—3 см дан чуқурлатиб, 28—30 см га етказилади. Чириндили қатлами 15—18 см дан ошмайдиган янги ерлар биринчи-иккинчи йили 20—22 см, кейин 22—24 см чуқурликда ҳайдалади. Ўрта Осиёнинг шим. ва ўрта зоналарида, типик ва оч сур тупроқли ерларда 30 см чуқурликда, қалин агро-ирригацин ётқизикли ўтлоқитупроқли ерларда 30—35 см; пахта экиладиган жан. зона ҳамда баҳор эрта келиб, кузи илиқ ва узоқ муддатли ҳудудларда 35 — 40 см, тагзамини кам унумли оч сур тупроқли қадимдан ҳайдаладиган ерлар (Мирзачўл) 20 см чуқурликда ҳайдалиб, 40—50 см чуқурликда юмшатилади. Ер ҳайдашнинг бу тури тупроқ чуқурлаткич ва чуқур юмшаткич ёрдамида ўтказилади. Камқувват қумлоқ ва тош-лоқ ерлар қум ёки шағалини чиқармасдан ҳайдалади. Бўз ерлар 20—22 см чуқурликда ҳайдалиб, кейинги йиллари чуқ. 30 см ва ундан кўпроққа етказилади.

Ер ҳайдаш вақти экиш мудцати ва б. га боғлиқ. Ер ҳайдашга тупроқ етилиши билан киришилади. Ҳаддан ташқари нам ёки қуруқ Ер ҳайдашда палахсалар кўчади. Ер ҳайдаш кузги шудгорлашнинг энг мувофиқ муддати окт. нинг иккинчи ярми ва нояб. Сизот сувлари чуқур жойлашган ва кузда ёгин кам тушадиган ерлар ҳайдашдан 10 — 25 кун илгари суғорилади. Тупроқ нами ўртача ерлар ҳосил йиғиштириб олиниши биланоқ ҳайдалади. Ёзги Ер ҳайдаш шудгорни экин экишга тайёрлаш ва такрорий экин экиш олдидан утказилади, Кўкламги, ёзги ва айрим ҳолларда кузги Ер ҳайдаш бороналаш билан бирга олиб борилади. Асосий Ер ҳайдашнинг қулай вақти — куз боши (қ. Кузги шудгор). Тупроқнинг юзага ағдарилган қатлами қиш вақтида музлаб ва муздан тушиб туради, бунинг натижасида уларнинг физикавий хусусияти яхшиланади. Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон ҳамда Фарғона вилоятининг Қўқон гуруҳи туманлари ўзига хос тупроқ-иқлим шароитига эгалиги (ерларнинг шўрланганлиги, шамол) туфайли ер баҳорда шўри ювилгандан кейин ҳайдалади. Баҳорги Ер ҳайдаш тупроқ донадорлигини яхшилаш, намини кўпроқ сақлаш мақсадида бороналаш ҳамда мола бостириш билан қўшиб олиб борилиши керак.

Ер ҳайдаш усуллари ва техникаси. Ҳоз. деҳқончилик тизимида ерни пайкал тахталарга бўлиб ҳайдаш кенг тарқалган. Пайкални ичкарига ва ташқарига ағдариб ҳайдаш усуллари қўлланилади. Ичкарига қараб ҳайдаш пайкалнинг ўртасидан, ташқарига қараб ҳайдаш чеккасидан бошланади (расм). Тоғ олди зоналарида ер нишабига нисбатан кўндаланг ҳайдалади. Тупроғи енгил ва кучли шамол эсиб турадиган р-нларда ер шамол йўналишига кўндаланг ҳайдалади. Ҳар бир конкрет шароитда Ер ҳайдаш йўналиши ер нишаби ҳамда қандай агротехника тадбирлари ўтказилиши назарда тутилган ҳолда белгиланади. Ер ҳайдаш олдидан гектарига 15—20 т гўнг, фосфорли ўғитлар йиллик миқдорининг 60—70%, калийли ўғитларнинг 50% солинади. Тупроқнинг юқори қатлами сурилиб, капитал текисланган участкаларда чириган гўнг меъёри гектарига 30—40 т га етказилади.

Ер ҳайдаш сифати ерларни ўз вақтида, яъни энг қулай муддатларда, ҳеч қандай ариқча ёки марза хрсил қилмасдан, бир хил чуқурликда тупроқ ҳайдалма қатламини ағдариб ҳайдалишини таъминлаш ва б. дан иборат. Ҳайдаш сифати мунтазам равишда назорат қилинади (қ. Дала ишлари сифатини баҳолаш). Ернинг сифатсиз ҳайдалиши плуг, ағдаргичларнинг нотўғри созланганлигини ёки ер қайдашга қониқарсиз тайёрланганлигини кўрсатади.

Ад.: Кондратюк В. П., Обработка почвы под посев хлопчатника в Средней Азии, Т., 1972; Эрматов А., Суғориладиган деҳқончилик, Т., 1983, Абдураҳим Эрматов.

Loading...