ЕР ТЕКИСЛАГИЧЛАР

ЕР ТЕКИСЛАГИЧЛАР — ўзлаштириладиган ерларни ва экин экиладиган далаларни экин экиш ва суғориш учун қулай ҳолатга келтириб текислайдиган қ. ҳ. машиналари; узун рамали, чўмичли ва ағдаргичли хиллари бор. Узун рамали Ер текислагичлар тракторларга тиркаб ишлатилади. Чўмичли Ер текислагичлар далаларни узил-кесил текислашда қўлланилади. Иш органи олди, усти ва туби очиқ чўмич ковшдан иборат. У рамага маҳкамланади. Чўмичнинг қуйи қисмига дўнгликларни кесувчи пичоқ ўрнатилган. Ер текислагичларда чўмични маълум баландликка ўрнатадиган механизм бор. Ер текислагичлар ҳаракатланганда чўмич 20 см гача бўлган дўнгликларни кесиб, пастқам жойларга суриб текислайди. Ер текислагичлар гидравлик механизм ва лазер нурлари билан ишлайдиган автоматик ростлаш механизмлари билан ростланади.

Ағдаргичли Ер текислагичлар экин экиш олдидан тупроққа ишлов бериш учун хизмат қилади; иш органи ҳаракат йўналишига нисбатан бир оз кия ўрнатилган бир ёки бир нечта ясси ёки ёйсимон ағдаргичлардан иборат. Булар 3 гуруҳга бўлинади: ер текислагич-мола, экин экиш олдидан тупроқни текислагич-ёйгич ва судратма (волокуша)ли Ер текислагичлар шоли экиш учун сув бостириладиган далалардаги нотекисликлар 3 см, эгатдан суғориладиган далаларда 5 см, сунъий ёмғирлатиб суғориладиган далаларда эса 10 см дан ошмаслиги лозим. Ағдаргичли Ер текислагичларнинг қамров кенглиги 6—8 м. Ер текислагичмоланинг иш органи гидроцилиндр ердамида олд томонга қиялантирилганда тупроқ нотекисликларни кесади, орқага қиялантирилганда эса дала бетини бир оз зичлайди (молалайди). Текислагичюмшаткич тишли тирма (борона) билан қўшиб ишлатилади, у дала бетини 10 см чуқурликда юмашатиб, кетидан текислаб кетади.

Loading...