ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ

ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШердан фойдаланиш тартиби, шартлари ва шакллари. Турли мамлакатларда турлича бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган халқларнинг ерга мулкчилик ҳуқуқи давлат томонидан амалга оширилади. Ер қ. х. ва ўрмон хўжалигини юритиш учун ширкат (жамоа) хўжаликларига, давлат, кооператив, жамоат корхоналарига, муассасалар ва ташкилотларга, диний ташкилотларга, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, қўшма корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва б. га доимий ёки вақтинча фойдаланиш учун берилади. Ердан фойдаланиш тартиб ва шартлари Ер кодекси билан белгиланади. Ерни фойдаланишга бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Мақкамаси, вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликлари қарорлари асосида амалга оширилади. Одатда, ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган корхона, муассаса, ташкилот ва фуқаролар ердан доимий фойдаланувчилар деб ҳисобланади.

Ердан вақтинча фойдаланиш қисқа (3 й. гача) ва узок. (3 й. дан 10 й. гача) бўлиши мумкин. Фермер хўжаликлари учун 50 й. гача, яйлов чорвачилиги учун ер майдонлари 25 й. гача муддатга берилиши мумкин. Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги корхона, ташкилот ва муассасаларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқи давлат далолатномаси билан гувоҳланади ҳамда ерга эгалик қилиш ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши давлат томонидан таъминланади. Ер эгаликларига қарашли ерларни вақтинча фойдаланишга берилганда белгиланган муддатдан сўнг тупроқнинг унумдорлигини дастлабки ҳолатига келтириб қўйилиши шарт (қ. Ер рекультивацияси).

Қ. х. да ердан оқилона фойдаланиш мақсадида бошқа ёрдамчи тармоқларни ҳам мутаносиб ривожлантириш учун экинзор ерлар ажратилади. Бунда алмашлаб экишни жорий этиш чорвачилик, сабзавотчилик, пиллачилик, боғдорчилик каби қўшимча тармоқлар талаби ҳам ҳисобга олинади.

Қосимжон Раҳмонов.