ЕРДАН ТАШҚАРИДАГИ ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАР

ЕРДАН ТАШҚАРИДАГИ ЦИВИЛИЗАЦИЯЛАР — ҳоз. замон илмий тасаввурларига кўра, Ердан бошқа (мас, узоқ юлдузлар атрофида айланадиган) сайёраларда яшаши мумкин бўлган ақлли мавжудотлар жамиятлари. Уларнинг тараққиёт даражаси инсониятнинг тараққиёт даражасига яқин ёки ундан юқори деб фараз қилинади. Ердаги ҳаёт эволюцияси (бир ҳужайралилардан кўп ҳужайралилар сари, кўп ҳужайрали тубан организмлардан юқори организмлар сари тараққий этиш), шунингдек, Метагалактиканинг миллиард-миллиард сайёралардан ташкил топганлиги ва бу сайёраларнинг айримларида органик ҳаёт пайдо бўлиб ривожланиши учун шартшароитлар мавжудлиги эҳтимоли Ердан ташқарида, Коинотнинг бирор қисмида ҳаётнинг мавжуд бўлишини тақозо этади. Мазкур умумий мулоҳаза асосида, шунингдек, Ерга яқин Марс ва Венерада атмосфера ва б. физик шарт-шароитлар мавжудлигига қараб, бу сайёраларда ҳаётнинг энг оддий шакллари бор деган тахминлар пайдо бўлган. 20-а. нинг 50— 60-й. ларида сайёралардаги ҳаёт учун зарур бўлган физик шароитларни ўрганиш натижасида Ойда, Венера, Марс ва Қуёш системасининг бошқа сайёраларда Ердагидек олий ҳаёт шакллари бўлмаслиги исботланди. Лекин Марсдагина энг оддий ҳаёт шакллари бўлиши мумкин деб тахмин қилинади. Қуёш системасига яқин турган ва ўз сайёралар системасига эга бўлган кўпгина юлдузларнинг табиий шароитларини ўрганиш ана шу сайёралар системасида ҳаёт пайдо бўлиб, ривожланиши мумкин деган эҳтимолни деярли йўққа чиқарди. Ҳозир жуда камдан-кам юлдузлардагина ҳаёт бунёдга кела оладиган соҳалар бўлиши мумкин деб тахмин қилинади.

Ердан ташқаридаги цивилизацияларнинг мавжудлиги ҳақидаги масала ҳоз. вактда эҳтимолдан холи бўлмаган гипотеза бўлиб, ҳали экспериментал далиллар билан тасдиқлангани йўқ. Космонавтикаикж кейинги тараққиёти ва Коинотдан келаётган электромагнит нурларни ўрганиш соҳасидаги текширишлар Ердан ташқаридаги цивилизациялар бор деган тахминни қувватлайдиган ёки бўлиш эҳтимолини камайтирадиган далилларни беради.

Loading...