ЕРГА УЛАШ

ЕРГА УЛАШ (заземление) – электр аппаратлар, машиналар, жихрзлар, яшин қайтаргичлар ва б. ни ер билан туташтириш. Ерга улагичлар воситасида амалга оширилади. Ерга улагич ерга кўмиладиган металл (пўлат, мис) электрод ва қурилмаларнинг ерга уланадиган қисмларини электрод билан бириктирадиган ўтказгичдан иборат. Ерга тик қоқиладиган пўлат қувур (водопровод тармоғи, марказий иситиш ёки газ тармоқларидан бошқа) қам электрод вазифасини бажаради. Ерга уланадиган қисм билан ер орасидаги қаршиликни камайтириш учун электрод сизот сувлари сатҳи чуқурлигида кўмилади; ернинг қаршилиги катта бўлганда электродга намакоб қуйилади. Ерга улаш радиоэшиттириш тармоқларида, радиотехникада, симли алоқада (бунда ер ўтказгич вазифасини бажаради), яшин қайтаргич ва б. аппаратларда (уларни ортиқча кучланишдан ҳимоя қилиш, яъни токни ерга ўтказиб юбориш учун) ишлатилади. Ерга улаш ташқи майдон таъсирида ҳосил бўладиган қаршиликларни камайтиради. Кишиларни ток уришидан ҳимоя қилиш учун кучланиш остидаги қурилмаларнинг ташқи металл қисмлари (машина, аппарат корпуслари ва б.) ерга уланади. Ерга улаш қаршилиги ўзгарувчан ток кўприги билан ўлчанади.

Loading...