ЕРНИ ИҚТИСОДИЙ БАҲОЛАШ

ЕРНИ ИҚТИСОДИЙ БАҲОЛАШ — қ. х. да асосий и. ч. воситаси бўлган ернинг аниқ табиий-иқлим шароитлардаги қиёсий даромаддорлигини аниқлаш. Ерни иқтисодий баҳолаш балл кўрсаткичлари бир ер майдонининг иккинчи хил ер майдонидан қанчалик юқори еки паст сифатли эканлигини кўрсатади. Ерни иқтисодий баҳолашда қуйидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилади: тайёргарлик ишлари, маълумотлар йиғиш, уларни қайта ишлаш ва тахлил қилиш; ер баҳолашни туманлар бўйича режалаштириш; тупроқни агрономик и. ч. бўйича гуруҳлаш; ўртача ҳосилдорликни ва харажатлар миқдорини ҳисоблаш (майдон бирлиги ҳисобида); баҳолаш шкаласини тузиш ва ернинг баҳолаш кўрсаткичларини ҳисоблаб чиқиш; ер эгаликларида Ерни иқтисодий баҳолашни ўтказиш; баҳолаш ҳужжатларини кўриб чиқиш, тасдиқлаш, тайёрлаш ва топшириш.

Ерни иқтисодий баҳолаш қишлоқ хўжалиги корхоналари учун такрор и. ч. шароитларини тенглаштиришнинг муҳим воситаларидан бири, хўжаликларда қ. х. ерларидан амалда фойдаланиш даражасини аниқлашга, сифати ҳар хил бўлган ерлардаги хўжалик фаолияти натижаларини қиёслаш ва таҳлил этишга, улардан фойдаланишни яхшилаш ҳамда унумдорлигини кўтаришга қаратилган тад-бирларни асослашга имкон беради. Ерни иқтисодий баҳолаш кадастр жиҳатидан баҳолашнинг охирги босқичи бўлиб, унгача ўтказиладиган барча тадбирларга — ердан фойдаланишнинг давлат қайди, миқдорий ер ҳисоби ва тупроқ бонитировкасига асосланади (қ. Ер кадастри).

Ерни иқтисодий баҳолаш 2 йўналишда олиб борилади: умумий баҳолаш (қ. х. даги ер турлари бўйича) ва хусусий баҳолаш (айрим экинларни етиштириш самарадорлиги бўйича). Умумий баҳолашда маҳсулдорлик (ялпи маҳсулот қиймати, сўм/га), харажатларнинг қопланиши (харажат бирлигига, мас, 100 сўмга тўғри келадиган маҳсулот қиймати) ва дифференциал даромад (сифати яхши ва қулай жойлашган ерлардан олинган қўшимча соф даромад, сўм/га) ҳисобга олинади. Хусусий баҳолашда ҳосилдорлик (ц/ га), харажатларнинг қопланиши (сўм) ва дифференциал даромад (сўм/га) эътиборга олинади.

Ерни иқтисодий баҳолашда қ. х. экинлари ва боғларнинг ҳосилдорлиги, табиий ем-хашак майдонларининг маҳсулдорлиги, деҳқончиликдаги ялпи маҳсулот қиймати, ер баҳоланаётан ҳудуддаги хўжаликларнинг кўп йиллик ўртача кўрсаткичлари бўйича ҳисобланган маҳсулот и. ч. харажатлари баҳоланаётган гуруҳлар бўйича базис баҳо кўрсаткичларини ҳисоблаш учун асосий маълумотлар бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонда хусусий баҳолаш ғалла ҳамда маккажўхори (дон учун) ҳиссаси кўрсатилган ҳрлда пахта-ғалла-беда мажмуидаги экинлар бўйича, айрим минтақалар учун эса шоли, тамаки, каноп ва сабзавот бўйича ўтказилади. Ҳисобланган базис баҳолари асосида жадвал — тупроқ гуруҳлари бўйича ер баҳолари жад-вали тузилади. Бундай баҳолашда энг юқори иқтисодий самара (ялпи маҳсулот, харажатларни қоплаш ва дифференциал даромад) қадимдан суғориб келинадиган, жуда маданийлашган ерларга тўғри келади.

Ўзбекистон Республикасида қ. х. га мўлжалланган ерларнинг сифат, иқтисодий ва қиймат бахрсини аниқлаш банклардан ипотека қарзлари беришда, хусусий турар жойлар қуриш учун ер ажратиб бериш ва деҳқон хўжаликларига меъёрий ортиқча ер ажратиб беришда, ер солиғи ставкалари миқдорини аниқлаш, кимошди савдолари орқали ер участкаларини сотиш ва қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳолларда шу ер участкасининг дастлабки баҳосини белгилаш учун қўлланилади. Ерни иқтисодий баҳолашда тупроқ бонитировкаси, асосий экинларнинг меъёрий ҳосилдорлиги, ялпи маҳсулот ва соф даромад (фойда) кўрсаткичи мезон бўлиб хизмат қилади.

Ад.: Қурбонов Э. Қ. ва б., Ер кадастри асослари, Т., 1999; Толипов Ғ. А., Ғуломов Ҳ. Ғ. ва б., Ўзбекистон Республикаси Ер кадастри, Т., 1994.

Қосимжон Раҳмонов.

Loading...