ЕРНИ ИШЛАШ

ЕРНИ ИШЛАШ — экинларнинг ўсиши учун энг қулай шароит яратиш ва унумдорлигини ошириш мақсадида тупроққа механик таъсир кўрсатиш усуллари. Ерни ишлашдан асосий мақсад ўсимликлар илдизининг яхши ривожланиши учун ернинг ҳайдалма қатлам тузилишини ва тупроқнинг тузилма хоссаларини ўзгартириш, тупроқнинг юза қатламидаги озиқ моддаларни ўсимлик илдизи тарқаладиган қатламларга тушириш йўли билан озиқ моддаларнинг айланишини тезлаштиришдан ва тупроқдаги микробиологик жараёнларга таъсир этишдан иборат. Ер яхши ишланса, бегона ўтлар, касаллик қўзғатувчилар ва зараркунандалар йўқолади, ўсимликлар қолдиғи ва ўғит тупроққа аралашади, эрозия жараёнларининг олди олинади ва тупроқдан нам ва озиқ моддалар исроф бўлиши камаяди, экин уруғининг меъёрдаги чуқурликка кўмилиши учун қулай шароит яратилади. Қурғоқчил р-нларда Ерни ишлаш даги вазифа тупроқда нам тўплаш б-н бирга унинг беҳуда буғланиб кетишига ҳам йўл қўймасликдан иборат.

Ерни асосий, махсус ваюза ишлаш усуллари бор. Ерни асосий ишлаш деганда, олдинги экин йиғиб олингандан кейинги дастлабки энг чуқур ҳайдаш тушунилади. Эрозияга учрамаган ерларда бу, одатда, қатламни ағдариб ҳайдашдир. Ерни махсус ишлашнинг усуллари фрезерли, плантажли, қатламлаб ҳайдаш (мас, қўш ярусли)дан иборат. Юза ишлашда юмшатиш чуқурлиги баъзан 12— 14 см юза юмшатиш, культивациялаш, бороналаш, шлейфлаш усулларидан фойдаланилади. Ерни ишлашнинг алоҳида олинган ҳар бир усули бир ёки бир нечта технологик операцияни ўз ичига олади ва ерни ишлашдаги барча вазифаларни таъминлай олмайди. Шу сабабли Ерни ишлашда бир неча усулдан фойдаланиш зарурати келиб чиқади. Тупроқ-иқлим шароитига мос келадиган, изчиллик билан бажарилган ва асосий вазифаларни амалга оширишга мўлжалланган Ерни ишлаш усулларининг мажмуи Ерни ишлаш тизими дейилади. У асосий, экиш олдидан ва экишдан кейинги ишлов беришни ўз ичига олади.

Ерни ишлашнинг технологик операциялари: қатламни ағдариш, юмшатиш, аралаштириш, зичлаш, текислаш, бегона ўтлар илдизини кесиш, эгат, ариқ, жўяк олиш, қатлам юзасида анғизни сақлаш ва б. дан иборат.

Қатламни ағдариш, яъни тупроқ қатламларини алмаштириш агрономик хоссалари билан фарқ қиладиган қатламларини аралаштиришдан иборат.

Анғиз қолдиқларини, чим, ўғитларни, бегона ўтлар уруғини, касаллик қўзғатувчилар ва зараркунандаларни дастлабки ривожланиш давридаёқ тупроққа кўмиб юбориш учун ҳам қатламни ағдариш зарур. Бунинг учун далалар ағдаргичли плугда ҳайдалади. Ерни қўш ярусли плугда 35—40 см ёки чимқирқарли плугда 30—40 см чуқурликда ағдариб ҳайдаш яхши Самара беради. Ерни юмшатиш далада трактор ва механизмлар кўп марта юриб ўтиши, кузқишда ва баҳорда кўп ёғин ёғиши, вегетацион ва шўр ювишдаги суғориш натижасида тупроқнинг ҳайдалма қатлами ва ҳайдалма қатлам ости жуда зичлашиб кетганда амалга оширилади. Бу иш алоҳида ёки бошқа операциялар (агдариш, аралаштириш) б-н бирга бажарилади. Ерни юза 6—8 см чуқурликда юмшатишда «зигзаг» боронадан, айланувчи мотигадан, 12—16 см чуқурликда юмшатишда дискли борона, чизель культиватордан; 20 см ва ундан ортиқ чуқурликда юмшатишда ағдаргичи олинган плугдан, чуқур юмшаткичли плугдан, ясси кескич — чуқур юмшаткичли қуроллар ва б. дан фойдаланилади. Тупроқни аралаштириш натижасида ҳайдалма қатлам бирхиллашади, органик моддаларнинг парчаланишидан ҳосил бўладиган маҳсулотлар, минерал ўғитлар бир текис тақсимланади. Тупроқни зичлашда тупроқ увоқлари бир-бирига янада зич жойлашиши таъминланади, кесаклар майдаланади, ҳайдалган ер тупроғи бирмунча ўтиради; бунда тупроқни шамол кам учиради, уруғ униши учун қулай шароит вужудга келади ва ҳ. к. Ер юзасини текислаш шўр ювиш ишлари сифатли бўлишини таъминлайди, шудгорланган ерни экин экиш олдидан жорий текислаш натижасида экиш, экинларни парвариш қилиш ва ҳосилни йиғиб олиш учун қулай шароит яратилади. Ерни жорий текислаш ишлари бороналаш ва мола бостириш билан қисман қўлда бажарилади. Яна қ. Деҳқончилик, Ер ҳайдаш.

Ад.: Экиш олдидан тупроқни ишлашда машинатрактор агрегатларидан тўғри фойдаланишга оид тавсиялар, Т., 1980; Байметов Р. И., Мирахматов М., Тўхтакузиев А., Обработка почвы на повышенных скоростях движения в зоне хлопководства, Т., 1985.

Абдураҳим Эрматов.

Loading...