ЕВНУХОИДИЗМ

ЕВНУХОИДИЗМ (юн. eunuchos — бичилган одам) , эркакларда — ҳезалаклик, аёлларда — эркакчалишлик — жинсий безларнинг туғма камчилиги ёки жароҳатланиши, ёхуд гипофиздан гонадотроп гормонлар кам чиқиши сабабли рўй берадиган касаллик. Эркакларда кўпроқ учрайди. Евнухоид гигантизм ва евнухоид семириш (ёғ босиш) деган икки тури бор. Одатда, аралаш хили учрайди. Белгилари: бўй ўсиб кетади, скелет номутаносиб ўсади (қўл-оёқ, айниқса оёқ узун бўлади), суяклар ингичка, елка тор, чаноқ кенг (аёллар чаноғи тор), мускуллар бўш (илвиллаган) бўлади. Кўкрак, қорин ва сонни ёғ босади, жинсий безлар етилмайди, иккиламчи жинсий белгилар унча билинмайди, қов ва қўлтиқда жун ўсмайди, овоз ингичка (болаларга хос), жинсий ҳис сусайган бўлади. Жисмоний меҳнатга ярайди, аммо сусткаш, зеҳни паст бўлади. Ўтмишда болалигида бичилганлар (ғуломлар)да ҳам шунга ўхшаш ҳодиса кузатиларди. Беморлар генетик ва эндокринолог назоратида жинсий гормонлар билан узоқ даволаниши керак.

Loading...