ЕВРИПИД

ЕВРИПИД, Эврипид (Euripides) , (тахм. мил. ав. 480, Афина — мил. ав. 406, Македония) — юнон шоири, драматург. Ижодини шеъриятдан бошлаган. Афиналик уч букж фожианавис (Эсхил, Софокл)нинг сўнггиси. Жами 92 пьеса ёзган, шундан 17 фожиа ва бир ҳажвий драмаси бизгача етиб келган («Киклоп»). Улар мифологик сюжет асосида яратилган бўлсада, инсон шахси асосий ўринда туради. Еврипид ижоди Афина давлат-шаҳар сифатида таназзулга учраган ва ахлоқий меъёрлар инқирози юз берган йилларда шаклланган бўлиб, мифология, ахлоқий ва анъанавий тартибларга танқидий муносабати билан ажралиб туради. У драматик воқеалар тасвирида кўпинча фалсафий мунозара ёки суд музокаралари оҳан-гига хос мулоҳаза юритганки, бунда ўта рационализм руҳий ҳолатларнинг чуқур тасвири билан қўшилиб кетади («Вакханка», «Геракл»). Е. драматургиясининг объектив мазмуни Афина демократияси дунёкараши анъаналарига кескин зиддир. Афинада ўша даврда юз берган ижтимоий ўзгаришлар Еврипиднинг инсон шахсияти, унинг ички дунёсига қизиқиши кучайишига олиб келди. Еврипид асарларида маиший унсурлар тасвирига зўр бериш, кишиларнинг шахсий такдирига қизиқиш каби антик фожиага хос бўлмаган хусусиятлар мавжуд («Медея», «Ипполит»). Е. ижоди Европа драматургиясига самарали таъсир кўрсатган.

Loading...