
ЕВРО
ЕВРО (Euro) — Европа Иттифоқи таркибидаги Европа иқтисодий ва пул ҳамжамияти аъзолари (Австрия, Бельгия, Германия, Греция, Ирландия, Испания, Италия, Люксембург, Нидерландия, Португалия, Финляндия ва Франция)нинг пул бирлиги. Халқаро ифодаси EUR. 1999 йил 1 янв. дан муомалага чиқарилган. 1Е=100цент. 1999 и. 1 янв. дан 2002 й. 1 янв. га қадар Евро нақд пулсиз тўловларда ишлатилди, Евро билан бир қаторда бу мамлакатларнинг миллий пул бирликлари ҳам муомалада юрди. Евро муомалага киритилиши билан илгари шу мамлакатлар ўртасида халқаро тўловларда фойдаланилган экю му-омаладан чиқарилди ва улар экюнинг сўнгги қиймати (1998 й. 31 янв. ҳолати) бўйича Еврога тенгма-тенг алмаштирилди. Айни пайтда миллий пул бирликларининг Еврога нисбатан валюта курслари ҳам белгиланди (мас, 1 Е= 1,95583 немис маркаси; 1 Е= 1936,27 итальян лираси; 1 Е. =200,482 португал эскудоси ва б. ; 1998, 31 дек.). 2002 й. 1 янв. дан 5,10, 20, 50, 100, 200, 500 Евро қоғоз банкнотлари, 1,2 Е. ва 1, 2, 5, 10, 20, 50 центли тангалар муомалага киритилди (Европа иқтисодий ва пул ҳамжамиятига аъзо мамлакатларнинг эски миллий пул бирликлари муомаласи тўхтатилди). Халқаро валюталар курси бўйича 1 АҚШ доллари =1,13 Евро, Ўзбекистон Республикаси миллий пул бирлиги — сўмга нисбатан 1 Е. =599 сўм 01 тийин (2002 й. фев.).
Акрамжон Мирзахолов.