ЕВРОПА ИТТИФОҚИ (ЕИ) — ўзида халқаро ташкилот ва федератив давлат хусусиятларини мужассамлаштирган давлатлараро уюшма. Дастлаб Европа ҳамжамияти («Умумий бозор») номи билан аталган. ЕИ тўғрисидаги шартнома 1992 й. Маастрихт ш. да (Нидерландия) Европа ҳамжамиятига аъзо бўлган 12 давлат ва ҳукумат бошликлари имзо чеккан Европа мамлакатларининг сиёсий ва валюта-иқтисодий иттифоқини вужудга келтириш тўғрисидаги бу шартнома 1993 й. 1 нояб. дан кучга кирган. ЕИнинг мақсадлари: Европа халқларининг мустаҳкам иттифоқини вужудга келтириш, ички чегаралари бўлмаган макон яратиш, иқтисодий ва ижтимоий ўзаро таъсирни кучайтириш йўли билан мувофиқлаштирилган узоқ муддатли иқтисодий тараққиётга ёрдам бериш; иқтисодий ва валюта иттифоқини ташкил қилиш ва ягона валюта яратиш (бу мақсадга 2002 й. янв. да асосан эришилди); биргаликда ташқи сиёсат олиб бориш ва хавфсизлик борасида сиёсат юритиш, келгусида эса биргаликда мудофаа сиёсатини ҳам олиб бориш йўли б-н халқаро соҳада ўзига хос бир хилликни қарор топтириш; адлия ва ички ишлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш; умумий бойликни сақлаб қолиш ва кўпайтириш. ЕИ органлари: Европа машварати, Европа парламенти, Европа Иттифоқи Кенгаши, Европа комиссияси, Европа суди. Ташкилотга 15 мамлакат (Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Дания, Ирландия, Испания, Италия, Люксембург, Нидерландия, Португалия, Финляндия, Франция, Швеция) аъзо (2002 й. янв.). Қароргоҳи Страсбур ш. да (Франция). Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувида ЕИ билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Ташкилот ТАСИС дастури доирасида Ўзбекистонга техникавий ёрдам кўрсатади. 1999 й. 1 июлда Ўзбекистон билан ЕИ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ратификация қилинди. Бу битим сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий, маданий-маърифий алоқалар ривожи учун имконият туғдирди. Жумладан, томонлар ўзаро савдода бир-бирларига энг қулай шароит яратадилар, бир-бирларига тегишли товарларни ўз ҳудудлари орқали эркин транзит қилишни таъминлайдилар.