ЕВРОПА ЖАНУБИЙ РАСАДХОНАСИ

ЕВРОПА ЖАНУБИЙ РАСАДХОНАСИ (ЕЖР) — Европа халқаро астрономия и. т. ташкилоти. 1962 й. да 8 давлат — Бельгия, Дания, Германия, Франция, Италия, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳамкорликда ташкил этган. Қароргоҳи Германиянинг Гаршинг ш. да жойлашган. Замонавий телескопларни ўрнатиш учун дунё бўйлаб астроиклимни ўрганиш натижасида Чилидаги Ла Силла тоғида (2440 м) жой топилиб, у ерга ЕЖР телескоплари ўрнатилган. Ла Силлага ўрнатилган энг замонавий 14 та телескоп ичида кўзгусининг диаметри 3,6 м бўлган телескоп ҳам бор. Бу ердаги кўпгина телескоплар космик йўлдош алоқаси орқали Германиядан туриб бошқарилади. Изланишлар натижасида Чилида яна бир жой Параналь тогида (2660 м) топилди. Бу ерга 1990 й. дан бошлаб кўзгусининг диаметри 8,2 м бўлган 4 та телескоп ўрнатилаяпти. Лойиҳага мувофиқ бу телескопларда тўпланган ёруғлик бир нуқтага йиғилади, ўшанда бу система ёруғлик кучи жиҳатдан 16 м диаметрли кўзгунинг кучини, ажрата олиш қобилияти бўйича эса 200 мли телескоп кучини беради.