ЕВРОПА-ОСИЁ ТРАНСКОНТИНЕНТАЛ АВТОМАГИСТРАЛИ

ЕВРОПА-ОСИЁ ТРАНСКОНТИНЕНТАЛ АВТОМАГИСТРАЛИХитой ва Марказий Осиё мамлакатларини Россия орқали Ғарбий Европа мамлакатлари билан боғлайдиган автомагистраль. Жаҳондаги энг йирик автомагистраллардан бири. Роттердам (Голландия) — Шанхай (Хитой) портларини боғлайди. Умумий уз. 10 минг км. дан ортиқ. Автомагистралининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган қисми — АндижонТошкентНукусҚўнғирот трассаси умумий уз. 1422 км, барча кириш йўлларининг уз. 500 км бўлиб, Фарғона водийси вилоятларидан бошланиб, сўнгра Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари, Қизилқум орқали Хоразм вилояти ҳудудидан ўтиб, Қорақалпоғистон Республикасининг пойтахти Нукусга чиқади. Трасса Афғонистон ва Туркманистон йўналишидаги халқаро трассаларни ҳам кесиб ўтади. Трассани лойиҳалаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 й. 18 авг. қарори асосида 1999—2000 й. ларда амалга оширилди. Лойиҳалаштиришнинг субпудрат шартномаларида илғор хорижий давлатларнинг лойиҳалаш ин-тлари хам иштирок этган. Лойиҳалаш ечимлари жаҳон стандартлари даражасида қабул қилиниб, қурилган янги трасса автотранспорт воситаларининг катта тезликдаги ҳаракатни таъминловчи Ўзбекистон миллий магистралига айланади.

Трасса автотранспорт воситаларининг катта тезликдаги ҳаракатини таъминлайди ва мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этади. Трассанинг қурилиши билан яқин келажакда йўл атрофи чўл ҳудудларини ўзлаштиришга янада қулай имкониятлар яратилади, саноатни бир текисда жойлаштириш, аҳолини зич жойлашган ҳудудлардан тарқоқ жойлашган ҳудудларга кўчириш ва республика ҳудудларининг бир текис ривожланиши таъминланади.

Тоҳиржон Мирзаев.