ЕВРОВИДЕНИЕ

ЕВРОВИДЕНИЕ (Европа кўрсатуви) — Европа радиоэшиттириш уюшмаси доирасида телевизион дастурларни халқаро айирбошлаш бўйича ташкилийтехник тизим. 1954 й. да ташкил топган. Евровидениега 50 мамлакатдан 69 телевизион ташкилот ҳал қилувчи овоз б-н, 49 ташкилот маслаҳат овози билан иштирок этади (2002). Барча кўрсатувларни айирбошлашни Европа телерадиоэшиттириш уюшмаси мувофиқлаштиради. У 1991 й. нинг 1 янв. дан Интервидение халқаро телевизион тармоқ билан қўшилиб, умумевропа ташкилотига айланди. Уюшма исталган пайтда Ер куррасининг исталган нуқтасидан муҳим воқеа-ҳодисаларни олиб кўрсатиш имкониятига эга. Унинг йўлдош тармоғи орқали қитъадаги барча пойтахт шаҳарлар радиотелеканаллар б-н ўзаро боғланган. Евровидениенинг дастурий мувофиқлаштириш маркази Женевада, Техник маркази Брюсселда. Евровидение дастурининг ярмидан ортиғини кундалик ахборот айирбошлаш (1958 й. дан) ташкил этади, уларнинг асосий таъминотчиси Буюк Британия, Германия, Франция, АҚ. Ш телеташкилотлари.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси Е. билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. У МДҲ мамлакатлари орасида Россия телекомпанияларидан кейин иккинчи бўлиб Евровидениенинг йўлдош алоқа тизимига тўла кўламдаги чиқиш ва ундан фойдаланиш лицензиясига эга бўлди (2001). Бу қулайлик ЎзРга дунё миқёсида тезкор ахборот айирбошлаш тизимидан фойдаланиш имкониятларини яратди.

Анвар Каримов.

Loading...