ЕЙИЛИШ

ЕЙИЛИШ — буюмлар сиртининг ўзаро ишқаланиши, ташқи муҳитнинг бевосита таъсири туфайли уларнинг ўлчамлари, шакли, массаси ёки сиртқи ҳолатининг аста-секин ўзгариши. Машина деталлари, иншоотларнинг қисмлари, кийимлар ва б. учун Ейилиш ишқаланиш шароитига, материалнинг хоссасига ва буюмнинг тузилишига боғлиқ бўлади. Ташқи таъсирларнинг табиатига кўра буюмларнинг сиртқи қатламлари абразив, механикавий, кимёвий оксидланиб, термик Ейилиш хилларига бўлинади. Абразив Ейилишга асосан ишқаланиш сабаб бўлади. Механикавий Ейилишда ишқаланиш, эзилиш, толиқиш натижасида буюм ўлчамлари ва массаси ёки иш сиртининг ҳолати ўзгаради. Кимёвий, оксидланиб ва термик Ейилишда буюм об-ҳаво (ёғингарчилик, ҳароратнинг кескин ўзгариши, чанг) ва емирувчи (оксидли ва ишқорли) муҳитлар таъсирида коррозияланиб (металлда), эскириб ейилади. Ейилиш буюмларнинг сифатини пасайтиришга, истеъмол (ишлатиш) қийматини йўқотишга олиб келади. Машина деталларининг ейилишини камайтириш учун махсус мойлар ва сурков мойларини ишлатиш, занглашга чидамли материаллардан фойдаланиш ва б. тавсия этилади. Буюмлар (машина деталлари ва б. ишкаланувчи буюмлар) материалининг Ейилишга қаршилик кўрсата олиш хусусияти ейилишга чидамлилик деб аталади. У ишлаш жараёнида буюмнинг массаси камайиши ва ўлчами кичрайиб бориши билан баҳоланади.

Loading...