ЁҒОЧ

ЁҒОЧ — 1) ксилемасув ва унда эриган тузларни дарахт илдизидан барг ва б. органларга ўтказувчи ёғочланган деворли ҳужайралардан иборат ўсимлик тўқимаси. Ёғоч массасининг 95% ини ҳужайра қобиғи ташкил этади; қобиқ, асосан, целлюлоза (43—56%) ва лигнин (19—30%) дан иборат. Ёғоч дарахтсимон ўсимликлар танаси, илдизлари ва шохларининг асосий қисми ҳисобланади. Ўзакли ва пўстлоқ ости қатламли турларга бўлинади. Ўзакли турлари (қарағай, тилоғоч, дуб ва б.) ўзаклари бирбиридан ранги билан фаркданади ва марказий қисм деб аталади, чекка зонасини эса пўстлоқ ости қатлами дейилади. Пўстлоқ ости қатламли турлар (заранг, қайин ва б.)нинг марказий қисми четки қисмидан фарқ қилмайди. Ёғочнинг физик хоссалари ташқи кўриниши (ранги, ялтираши, текстураси), зичлиги, намлиги, гигроскопиклиги (нам ўтказиши), иссиқлик сиғими ва б. хоссалари билан ифодаланади;

2) ҳар хил дарахт жинсларидан олинадиган қурилиш материали. Ёғоч олинадиган дарахт жинслари баргли ва игнабаргли жинсларга бўлинади. Баргли жинсларга дуб, шумтол, заранг, нок, қайин, терак, қайрағоч, ёнғоқ, арғувон ва б., игнабаргли жинсларга қарағай, арча, тилоғоч, кедр, пихта ва б. дарахтлар киради. Ёғоч дарахтнинг кимёвий ва табиий хусусиятларини ўзида сақлайди. Асосан, дарахт танасидан тайёрланади; дарахтнинг шохшаббаларидан ҳам фойдаланилади. Ёғоч думалоқ ғўла, хода, тахта, фанер, тўртбурчак брус, ёғоч плиталар, шпал, рейка ва б. кўринишда ишлатилади. Ёғоч ишлов берилган ва ишлов берилмаган хилларга бўлинади. Дарахтни ағдариб, шохларини бутаб, танасини маълум узунликда (3 м дан 7,5 м гача) қирқиб, пўстлоғини шилиб тайерланадиган думалоқ ғўла, хода ишлов берилмаган Ёғоч ҳисобланади. Ёғочнинг бошқа турлари (тахта, фанер ва б.) шу думалок, Ёғочни арралаб, тилиб, йўниб, рандалаб, силлиқлаб олинади. Булар ишлов берилган Ёғоч ҳисобланади. Ёғоч қурилишда, мебелсозликда, халқ амалий санъатида (бешикчилик, сандиқчилик, чолғу асбоблари ясаш ва б.), кимё саноатида, кончиликда, энергетика, кўприксозликда, қопламапардозлаш материали, целлюлоза, қоғоз, этил спирти ва б. ишлаб чиқаришда хомашё, шунингдек, ёқилғи сифатида ишлатилади (қ. Ёғоч материаллар, Ёғоч пластикалар, Ёғоч плиталар).

Loading...