ЁМҒИР

ЁМҒИР — булутлардан диаметри 0,5 мм дан 6—7 мм гача бўлган сув томчилари ҳолида ёғадиган ёғин. Қоплама булутли Ёмғир ҳамда жала Ё. га бўлинади (қ. Атмосфера ёғинлари, Жала). Ўрта Осиёнинг текислик ва тоғ олди ҳудудларида Ёмғир йил давомида кузатилади; ёмғирли кунлар сони қорли кунлар сонига караганда 2—3 марта ортиқ. Ёмғир март—апр. ойларида энг кўп, июль—авг. да эса энг кам ёғади. Ўрта Осиёда Ёмғир ли кунлар сони ўрта ҳисобда бир йилда 30—40 кунни ташкил қилади. Жойнинг баландлик ортиб бориши билан (тоққа яқинлашган сари) Ё. ли кунлар сони 50—60 кунга етади. Чўл ҳудудларида, Фарғона водийси (сойлиги)нинг ғарбий ва марказий қисмида йиллик Ёмғир миқдори энг кам. Мас, Орол денгизининг жан. даги баъзи жойларда ўртача йиллик ёғин миқдори 80—90 мм. Нам ҳаво оқими йўналишига қулай жойлашган тоғ олди ва водийлар (2000 м бал. гача булган зона)да, айниқса, жан. ғарбга қараган водийларда Ёмғир катта жадаллик б-н ёғади. Апр. ва май ойларида мўътадил ёғиб турадиган булутли Ёмғир тупрокда нам захирасининг кўпайишига ёрдам беради, экинларнинг ялпи кўкаришига қулай шароит туғдиради. Тупроқ ва ҳаво траси пасайган шароитларда қоплама булутли Ёмғир униб чиққан айрим экинлар, мас, ғўзада иядиз чириши, гоммоз касалликларининг авж олишига сабаб бўлади. Қисқа муддатли момақалдироқ билан апр. — май ойларида ёғадиган Ёмғирлар (суткалик ёғин миқдори 10 мм дан ортиқ) тупроқ юза қатламини тиғизлаб, қатқалоқ ҳосил қилади. Ҳамидулла Абдуллаев.

Prev Article

ЁМОНТОВ