ЁН ЧИЗИҚ

ЁН ЧИЗИҚ (linea lateralis) , ён органлар — сувда яшовчи тубан умуртқасиз ҳайвонлар (тўгарак оғизлилар, сувда ва қуруқликда яшовчиларнинг итбалиқдаври)даги сезги органлари системаси. Тананинг ҳар икки ёни ва бош қисмида жойлашган. Ён чизиқ махсус ион таркибга эга бўлган суюклик билан тўлган найчалар — ампулалардан ҳамда улар сиртида жойлашган эпидермал органлардан иборат. Ён чизиқ органларининг асосий қисмини эшитиш органи ва вестибуляр аппарат сенсор ҳужайраларига ўхшаш сезгир тукли ҳужайраларга эга бўлган невромаст ташкил этади. Афферент ва эфферент нерв толалари ана шу невромаст рецептор ҳужайраларида шохланган бўлади. Рецепторлар сув оқими ва муҳитнинг паст частотали тебраниши таъсирида қўзғалиш пайдо бўлади. Ён чизиқ органлари сув оқими йўналиши ва тезлигини сезади. Ҳайвонлар Ён чизиқ ёрдамида кўриш органисиз ҳам сувда ўз йўлини топади, тўсиқларни сезиб айланиб ўтади. Айрим тўгарак оғизлилар ва кўпчилик балиқларнинг Ён чизиқ органлари ўзига хос тузилган жуда сезгир электрорецепторларга эга.

Loading...