ЁН НЕРВЛИЛАР

ЁН НЕРВЛИЛАР (Amphineura) тубан моллюскалар кенжа типи. Чиғаноғи ўзаро ҳаракатчан бириккан 8 та пластинкадан иборат ёки бўлмайди. Нерв системаси ҳалқум атрофи нерв ҳалқаси ва ундан кетадиган икки жуфт бўйлама нерв поялари, жумладан иккитаси плевровицерал нервлар тана бўйлаб жабра (галсама) эгатчалари устида, иккитаси (педал) нервлар оёғи устида жойлашган. Ён нервлилар совутлилар ва эгат қоринлилар синфларига бўлинади. Ён нервлилар орасида хитонлар денгизларнинг соҳилга яқин жойларида кенг тарқалган. Хитонлар ясси оёклари ёрдамида тошларга ёпишиб ҳаёт кечиради. Эгат қоринлилар синфига денгиз тубида яшовчи чувалчангсимон, содда тузилган йиртқич моллюскалар киради. Танасининг уз. 30 см га етади. Ён нервли моллюскалардан Neomenia ва Chaetoderma уруғлари кенг тарқалган.

Loading...