ЁПИНЧИҚ

ЁПИНЧИҚ — аёллар боши устидан ёпадиган кийим; аёллар қоматини киши кўзидан яшириб турадиган кенг тўртбурчак шаклидаги мато. Рангбаранг ип (ипак) билан кашта тикиб, пистон, нозик, кўзлар қадаб безатилади. Тўйларда ва кўчага чиққанда Ёпинчиқ тутилган. Ёпинчиқ кишилик кийими бўлиши билан бирга келинлар сепига ҳам киритилган, никоҳ либосининг асосий қисмига айланган. Ўзбекистон ҳудудида Ёпинчиқнинг паранжи, сарандоз, желак ва б. турлари мавжуд. Елкага ташлаб юриладиган енги узун чопон шаклидаги тури мил. ав. 1минг йиллик ўрталарида юзага келган. Ўзбекистон ҳудудидан топилган қад. давр маданий ёдгорликлари (майда сопол ҳайкалчалар) бу ерда қадимдан Ёпинчиқ бўлганлигини кўрсатади; кушанлар даврида Ёпинчиқ четлари (бари ва этаги) айлана шаклидаги металл нишонлар билан ҳошияланиб, кейинроқ қора мағиз ва ёқасида 1—2 учбурчакли қайтарма билан безатилган. Ислом дини ҳукмронлиги давридан бошлаб бошга (баъзан қора тўр билан юзни беркитган ҳолда) ёпа бошлаганлар; шу тарзда паранжининг дастлабки нусхалари пайдо бўлган (16—17а. лар). 18—19а. ларда кенг Tapкалган, 20а. ўрталаригача сақланган. 20а. ўрталаридан яна Ё. урф бўла бошлади, фақат Фарғона водийсида Ёпинчиқ ўрнига катта гулли (шол) рўмоллардан фойдаланилади.

Loading...