ЁПИҚ УРУҒЛИЛАР

ЁПИҚ УРУҒЛИЛАР (Angiospermae) гулли ўсимликлар — юксак ўсимликлар бўлими (типи). Уругчисининг бўлиши, қўш уруғланиши Ёпиқ уруғлиларнинг ўзига хос белгисидир. Уруғчиси гулнинг марказида жойлашиб, тугунча, устунча ва тумшуқчадан иборат. Уруғчи тугунчасидаги ковакда уруғкуртак ривожланади. Уруғланган тугунча мевага айланиб, унинг ичидаги уруғкуртакдан битта ёки бир нечта уруғ ҳосил бўлади (номи ҳам шундан келиб чиққан). 200 мингга яқин тури бўлиб, 300 оилага мансуб 10 мингдан ортиқ туркуми бор. Таснифи 16а. дан бошланган бўлса ҳам фан томонидан қабул қилинган тизими ҳали ишлаб чиқилган эмас. Ўнлаб тизими таклиф қилинган, шулардан иккитаси — икки паллалилар ва бир паллалилар синфи кўпроқ қабул қилинган. Одамлар учун фойдали кўпгина ўсимликлар, жумладан озиқовқат ўсимликлари (зиғир, ғўза, буғдой ва б.), емхашак ўсимликлари (сули, беда ва б.), хушбўй, доривор, мевали ва каучукли ўсимликлар Ёпиқ уруғлиларга киради. Баъзи турларидан қурилиш материаллари олинади.

Loading...