ЁРИТИШ

ЁРИТИШ — объектларнинг кўриниш сезгирлигини яхшилаш ёки уларни ёруғлик сезгир материалларга туширишни таъминлаш мақсадида маълум миқцорда ёритилганлик яратиш. Ёритишнинг табиий, сунъий ва аралаш хиллари бор. Табиий Ёритиш инсон учун энг қулайи бўлиб, Қуёш, осмон ёритқичлари, атмосфера электр разрядлари ва б. билан яратилади. Уйлар ва алоҳида хоналарда керакли даражада ёритилганликни таъминлаш учун уларнинг деворлари, ораёпмалари ёруғлик ўтказадиган материаллардан тайёрланади, деразалар тепасига туйнуклар қилинади. Яхшиси уйларни қуришда ёруғликтушишни тўғри танлаш керак. Сунъий Ёритиш, одатда, ёритиш жиҳозлари, ёритиш қурилмалари ёрдамида ҳосил қилинади. Унинг умумий, маҳаллий (иш жойини ёритиш) ва аралаш, иш (хдр куни ишлатиш учун) ҳамда авария ҳолатдаги (иш Ёритиш ўчганда ишлатиладиган) хиллари бор. Сунъий Ёритиш аҳоли яшайдиган жойлар, транспорт ҳаракатланадиган магистраллар, кўчалар, майдонлар ва б. ни Ёритишга татбиқ этилади. Хоналарни табиий Ёритиш ва сунъий Ёритиш қурилиш нормалари ва қоидаларига асосланиб бажарилади.