ЁРКЕНД

ЁРКЕНД (қад. номи Сакараўл, хитойча Шачэ) — Хитойнинг Синьцзян Уйғур мухтор рнидаги шаҳар, Қашқар вилоятининг Ёркенд тумани маркази (1980 й. гача Қашқар вилояти маркази). Такламакон чўлининг ғарбий қисмида, Ёркенддарёнинг ўнг соҳилида, 1200 м баландликда жойлашган. Аҳолиси қарийб 547,5 минг киши, асосан уйғурлар, қисман ўзбеклар, хитойлар ҳам яшайди. Ёркенд 2 қисм — мусулмонлар яшайдиган Ёркенд ва хитойлар яшайдиган Шачэдан иборат. Муҳим савдо ва транзит пункти. Ёркенд йирик деҳқончилик (ғаллакорлик, пахтачилик), боғдорчилик ва ипакчилик рнининг маркази. Озиқовқат саноати корхоналари бор. Ҳунармандчиликда гилам, ип газлама ва шойи тўқилади. Хитой манбаларида қайд этилишича, мил. ав 65 й. Ё. да 2300 дан зиёд хонадон бўлган, аҳолиси сак (юн. манбаларида скиф)лар деб кўрсатилган. Ёркенд 1465 — 1759 й. ларда бутун Шарқий Туркистонни ўз ичига олган Ёркенд хонлигининг маркази эди. Шаҳар атрофидан темир рудаси ва қимматбаҳо яшма тоши олинган. Ёркенд орқали қадимда Ўрта Осиёдан Шарқий Туркистоннинг бошқа шаҳарлари ва Ҳиндистонга борадиган карвон йўли ўтган. Шаҳар Буюк ипак йўлида жойлашганлигидан қадимдан ҳунармандчилик (гилам, ип газлама, шойи тўқиш) равнақ топган. Шаҳарда қад. обидалардан малика ҳамда шоира Омонисахон (16а.) мақбараси ва хон дахмалари (Олтунум) сақланган. Ўзбек шоири Фурқат (1859—1909) умрининг сўнгги йиллари Ёркендда яшаб ижод қилган, 1990 й. да шоир қабри устига мақбара қурилган.