ЁЗТЕПА

ЁЗТЕПА, Ёздепе — илк темир даврига оид қишлоқ харобаси (мил. ав. 9 — 4а. лар). Туркманистоннинг Мурғоб воҳасида, Байрамали ш. дан 34 км шим. ғарбда жойлашган. Майд. 16 га га яқин. 1954—56 й. ларда проф. В. М. Массон ўрганган. Тепалик устига йирик хом ғиштдан қурилган ҳисор атрофи девор билан ўраб олинган. Ҳисорнинг жан. қисмидан жамоат биноси — сарой ёхуд ибодатхона қолдиклари қазиб ўрганилган. Бу ерда усти ёпиқ бир нечта тор хона ҳамда катта, тархи тўртбурчак зал тадқиқ қилинди. Бинонинг шим. томонида ҳовли жойлашган. Ҳисор атрофида 3 уй ва кичик тор куча қолдиғи чиққан. Хоналарнинг бир қисми хўжалик хизматини ўтаган (омборхона, ошхона). Аҳолининг асосий машғулоти суғорма деҳқончилик бўлган. Йирик каналлардан иборат ирригация шохобчаси излари аникланган. Бу каналларнинг ҳар икки томонига далаларни бевосита суғорадиган ариқлар чиқарилган. Хумдон, темир болталар, пичоқ, ёрғучоқ, игна, бигиз, жез пайконлар топилган. Ёзтепа даври (мил. ав. 7а. дан) дан бошлаб барча сопол буюмлари (ошхона идишларидан бошқа) кулолчилик чархида тайёрланиб, сирти тиниқ ангоб билан қопланган. Қозонлар қўлда, қўпол қолипларда тайёрланган. Ёзтепа ликлар хом ғишт (55х25х11 см) дан ишланган кўп хонали уйларда яшашган. Хилма-хил шаклдаги нақшли сопол идишларнинг топилиши Ёзтепада кулолчилик кенг тараққий этганидан далолат беради. Сопол идишлар, асосан, кулолчилик чархида ва қўлда ишланган. Идишларнинг сиртига тўр, тасмасимон, тўртбурчак, учбурчак шаклида рангли нақш берилган. Бундан ташқари жез ва темирдан қилинган ов ва меҳнат қуроллари, турли тақинчоқлар учрайди. Ёзтепада ўтказилган археологик қазишмалар Мурғоб воҳасида деҳқончилик билан шуғулланган энг қад. ўтроқ қабилаларнинг ҳаёти ҳақида бой маълумотлар берди.

Ад.: Толстов С. П., По следам древнехорезмийской цивилизации, М. —Л., 1948; Массон В. М., Древнеземледельческая культура Маргианы, М,—Л., 1959.

Loading...