ЮАНЬ ШИКАЙ

ЮАНЬ ШИКАЙ (1859.16.9, Сянчэн уезди, Хэнань вилояти — 1916.6.6, Пекин) — Хитой ҳарбий ва сиёсат арбоби. 1885—94 йилларда Кореяда ноиб. 90-й. ларнинг 2-ярмида бэйян (шимол) армиясида корпус командири. 1898 йил Кан Ювэйнинг ислоҳотчилик ҳаракатига қўшилган, лекин тез орада уларга хиёнат қилган. 1899—1901 йилларда Шаньдун вилояти губернатори лавозимида Ихэтуань қўзғолонини бостиришда фаол қатнашган. 1901—08 йилларда пойтахт Чжили вилояти ноиби. 1909 йил истеъфога чиқарилган. Синьхай инқилоби бошлангач, Цин ҳукумати томонидан бош вазир этиб тайинланган (1911 йил 2 нояб.). Ю. Ш. инқилобчилар билан монархия ўртасида келишувчилик сиёсатини юргизган. Цин сулоласи ҳокимиятдан воз кечган пайтда (1912 йил 12 фев.) бэйян армияси ва империалистик давлатлар мададига таяниб ҳамда инқилобчилар орасидаги келишувчилар, иккиланувчилардан фойдаланган ҳолда мамлакат президенти бўлган. 1913 йил «иккинчи инқилоб»ни бостирган Ю. Ш. Хитойда ҳарбий диктатура ўрнатган. 1915 йил майда Юань Шикай ҳукумати Хитой учун асоратли бўлган Япониянинг «йигирма бир талаби»ни қабул қилган. 1915 йил дек. да Юань Шикай император бўлмоқчи эканлиги ҳақидаги қарорни эълон қилган. Бу мамлакатда монархия тузумига қарши кенг халқ ҳаракатини келтириб чиқарган. Мана шу ҳаракат авжига чиққан пайтда Юань Шикай тўсатдан вафот этган.

Prev Article

ЮАНЬ