ЮАНЬ

ЮАНЬ, Да Юань (Буюк Юань) — Мўғулистон ва Хитойда ҳукм сурган мўғул сулоласи (13—14-асрлар). Хитойни истило этишни Чингизхон бошлаб берган, унинг вориси Ўқтойхон даврида 1234 йилга келиб Шим. Хитой мўғуллар томонидан бўйсундирилган. 13-асрнинг 50-й. лари охирида Мўғуллар давлати амалда бир неча мустақил давлатларга парчаланиб кетган. Улардан бири Хубилай давлати эди (хонлик тахтига 1260 йил ўтирган). Бу давлат таркиби дастлаб Мўғулистон ва Шим. Хитойдан иборат эди. 1271 йил Хубилай ўз сулоласига хитойча Юань номини берган. 1279 йил Хубилай қўшинлари Жанубий Сун салтанатини тугатиб Жанубий Хитойни истило этишни якунлашган. Вьетнам, Бирма ва Японияга қилинган юришлар натижа бермаган. Хубилайнинг биринчи вориси Тэмур (1295 — 1307)дан сўнг тахт учун қаттиқ кураш бошланган. 1308—32 йилларда 6 та император ўзгарган. Тўгон Тэмур даврида (1333—68) Хитойда халқ қўзғолонлари бошланган. Улардан энг йириги «Қизил қўшинлар» номи билан машҳур бўлган. 1368 йил Юань сулоласи ағдарилиб хитойликларнинг Мин сулоласи ҳокимият тепасига келган. Чингизийларнинг Мўғулистондаги ҳокимияти ҳам таназзулга учраб бир қанча майда мулкларга бўлиниб кетган.

Loading...