ЮДАКОВ

ЮДАКОВ Сулаймон (Соломон) Александрович (1916.14.4, Қўқон — 1990.6.11, Тошкент) — композитор. Ўзбекистон халқартисти (1976). Москва консерваториясида таълим олган (1934—41). 1941 йилдан Тошкентга қайтиб асосан ижод билан шуғулланган. 1943—44 йиллари Тожикистон филармонияси бадиий раҳбари. Унинг асарлари ўзбек (ва тожик) халқ куйлари ҳамда замонавий оҳанг ва усуллар уйғунлиги, жанр жиҳатидан хилмахиллиги, ёрқин ва ҳаётбахш куйлари билан ажралиб туради.

Юдаков — опера («Майсаранинг иши»), балет («Насриддиннинг ёшлиги» ва «Жонли аланга»), кантаталар («Менинг Ватаним», «Муборакбод», «Алёр» ва бошқалар), 6 қисмли «Мирзачўл» вокалсимфоник сюита, вокал-симфоник поэмалар, қўшиқлар, романслар, («Куйлама соҳибжамол», «Басандас» ва бошқалар), камер чолғу асарлар (мас, «Шарқ поэмаси» ва бошқалар), драматик спектакллар, кинофильмларга мусиқа ва бошқалар асарлар муаллифи. «Майсаранинг иши» биринчи ўзбек ҳажвий операси Тошкент, Самарқанд, Ашхобод, Душанба, Бишкек, Уфа, Москва, Лодзь (Польша) театрларида саҳналаштирилган, симфоник асарлари кўп оркестрлар репертуаридан ўрин олган. Қўшиқдаридан «Дугоналар», «Давра қўшиғи», «Жон Ўзбекистон», «Карнавал вальси» ва бошқалар оммалашган. Давлат мукофоти (1951), Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1977) лауреати.

Ад.: Плунгян В., С. Юдаков, Т., 1979; Сулаймон Юдаков в воспоминаниях современников (авторсоставитель В. Плунгян), Т., 2003.

Loading...