ЮК КЎТАРИШ МАШИНАЛАРИ

ЮК КЎТАРИШ МАШИНАЛАРИ — одамлар ва юкларни тик ёки қияроқ йўналишда кўтариш ва тушириш учун мўлжалланган қурилмалар. Тузилиши ва кинематик схемаси турлича бўлган машиналарни ўз ичига олади. Мас, лифтлар, конлар ва қурилишда ишлатиладиган кўтаргичлар, домкратлар, таллар (қ. Таль), полиспатлар, қия конвейерлар, шунингдек, стрелали ўзи юрар кранлар (қ. Кўтариш крани), автоюклагичлар Юк кўтариш машиналари жумласига киради. Вазифасига кўра, Юк кўтариш машиналари муқим (стационар), ўзиюрар ёки кўчма, узлукли ва узлуксиз ишловчи, электр юритмали ёки ички ёнув двигателли ва бошқалар турларга бўлинади. Вазифасига, тузилишига, юкнинг хилига қараб, Юк кўтариш машиналари бир неча кг дан бир неча юз т гача юкни кўтариши мумкин.

Loading...